08 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +5 °C

Урбанизация
16 Мар  2020 202

Янги таҳрирдаги шаҳарсозлик кодекси

Сифатли уйлар қурилишини таъминлайди

Президентнинг 2018 йил 14 ноябрдаги “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Қурилиш вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди. Лойиҳани тайёрлаш учун лойиҳалаш ва қуриш соҳаларида катта тажрибага эга мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилди ва лойиҳа 2019 йилнинг 20 март кунидан 4 апрелига қадар жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz сайтига қўйилди.

 

Қурилиш вазирлиги маълумотларига кўра, амалдаги Шаҳарсозлик кодекси 2002 йилда қабул қилинган бўлиб, сўнгги йиллардаги ривожланишлар, замонавий биноларни қуришдаги янги талаблар, янги иш услубларига мутлақо жавоб бермасди. Мавжуд кўплаб камчиликлар кодексга киритилган янги нормалар орқали бартараф этилмоқда. Натижада 7 та боб, 59 та моддадан иборат шаҳарсозлик кодексига илғор хориж тажрибаси ҳамда кенг жамоатчилик фикр ва таклифлари асосида кўплаб ўзгартиришлар киритилиб, 12 та боб, 85 та моддадан иборат ҳужжатга айлантирилди.

Янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодексининг битта боби жамоатчилик омилига бағишлангани энг катта янгиликлардан бири бўлди. Унга кўра, эндиликда, объектлар, лойиҳалар қурилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва уларнинг фикри, таклифлари асосида ишлаб чиқилади. Шунингдек, кодексга сифат ва муаллифлик назорати бўйича ҳам алоҳида боб киритилди. Ундаги  қурилишни назорат қилиш ва амалга оширишга тўғридан тўғри таъсир этишга оид янги нормалар қуриладиган объектларнинг сифатини бевосита назорат қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мутахассислар янги таҳрирдаги кодекс қурилиш соҳасини замонавий босқичга олиб чиқишини алоҳида таъкидлади. Айниқса, қурилиш тизимини электронлаштириш, унда энг замонавий, илғор технологиялар, энергия тежовчи қурилиш материалларини қўллаш соҳа ривожини таъминлаш билан бирга, қурилиш жараёнларидаги коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

Қурилиш вазирлиги мутасаддилари жамоатчилик вакилларини янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодекси муҳокамасига чорлаб, бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг таклифи эътиборга олинишини билдирди.

         Ирода ТОШМАТОВА.      

 

 

 

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech