29 Ноябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент -3,1 °C

Таълим
7 Апр  2020 1682

Жанубий Кореядаги ҳаётим...

Жанубий Корея... бу мамлакатга бориш иштиёқи болаликдан менинг катта орзуим бўлган. Сабаби уйимизга ҳамиша ушбу мамлакат одамларининг меҳмон бўлиб келишлиги, онамнинг ҳамиша уларни бизнинг ўзбекона урф-одат, анъана ва маданият билан таништиришлари, деярли 7-8 йил давомида янги йил байрамини ҳар йили уйимизда Жанубий Кореяликлар билан кутиб олишимиз мени қисман бўлса-да, қизиқтирган эди... Кейин барча тенгдошларим каби «Тангем» (Тежангим), «Жумонг», «Жанбого» билан боғлиқ тарихий сериалларни бувим билан биргаликда кўриб, унинг тарих саҳифаларини ҳам ўзим учун оча бошладим...

Вақт ўтгач, аввалига, кичик укам корейс тилини Тошкентдаги Корея Республикаси Таълим марказига бориб, ўргана бошлади ва омади келиб ёзги оромгоҳ «Seoul summer school-camp» га йўлланма ютиб олиб Корея Республикасига бориб келди. Қайтгач, таассуротларини айтиб, янада ҳавасимни келтирди. Сўнгра мен ҳам шу таълим марказига бориб, корейс тилини мунтазам ўргана бошладим ва тил билиш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтдим, ҳамда келгусидаги режаларимни амалга ошириш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик институти «Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (Корея иқтисодиёти)» таълим йўналишига  2016 йили ўқишга кирдим.  

Мен таълим олаётган йўналишда ҳар йили институтлараро келишувлар асосида Жанубий Кореяда таълим олиш учун  грантлар ўтказилиб келинишини билардим. Аввал тил бўйича билимларимни мустаҳкамлаб олиб,  2019 йил 3 курслигимда,  Жанубий Кореянинг Чхонан шаҳридаги Сангмёнг университетига грант ўйналаётганини эшитиб, ўзимни синаб кўрдим ва омадим келиб мазкур Таълим грантини ютиб олдим. Ва ниҳоят,  орзуимдаги мамлакат — Жанубий Кореяга таълим олиш учун келдим.

Жанубий Корея — ноёб мамлакат бўлиб, замонавий юқори технологиялар билан бир қаторда қадимий меъморчилигини уйғунлаштира олган мегаполислар маскани. Ушбу мамлакатнинг диққатга сазовор жойлари —  қадимий саройлари-ю, яхлит қишлоқ ҳаёти, қадимги Будда ибодатхоналари, балиқ овланадиган тиниқ ҳовузлари, ажойиб ва кўркам табиат манзараси, замонавий технопарк ва технополислар,  юқори технология марказларини ўзида мужассам эта олган ҳудуд.

Aгар сиз ушбу мамлакатга илк бор келсангиз, унинг  ранг-баранг табиатидан завқланишингиз шубҳасиз. Чунки бу ернинг одамлари табиатини ўзгармаган ҳолда сақлаб қолишга ҳаракат қилишади ва максимал даражада ҳудудига зиён етказувчи ҳолатлардан тийилишади.

Менга бу ерда дарё бўйида ўтириш, ўрмоннинг сукунатидан завқланиш ва жимгина сув шовқинини тинглаш ёқади. Aтрофдаги табиати мени энергия билан озиқлантиради. Бир пайтлар орзу қилган мамлакатга келдим, ахир.

Биласизми, корейслар ўта меҳнаткаш халқ, тиним билмайди. Улардаги чўккалаб ўтириш маданияти бизникига ўхшаб кетади. Улар шунингдек, овқатланаётганда тиззаларида ерга чўккалаб ўтиришади. Шунинг учун, миллий ресторанларида хонтахтали хоналарни ва замонавийсида чет элликлар учун махсус стол стулларни кўриш мумкин.

Жанубий Корея   — Корея ярим оролининг жанубий ҳудудида жойлашган Шарқий Осиё мамлакатидир. Ушбу мамлакат ҳақида гапирадиган бўлсам гап кўп... Аммо келинг таълим олаётган университет ҳақидаги таърифга ўтсам.

Сангмёнг университети – яхлит кампусдан иборат бўлган таълим маскани, таълим олиш бинолари билан бир жойда талабаларнинг яшашлари учун қулай Wi-Fi ҳудудли меҳмонхона, спорт иншооти, бассейн, кутубхона, вебинар медиа комплекс, ишлаб чиқариш ва тажриба ўтказиш лабораториялари мавжуд бўлган кичик академик шаҳарча.

Таълим бинолари ва ўқув кампуснинг ўзида ягона Wi-Fi тармоғи бўлиб,  барча  хоналари энг сўнгги русумдаги компьютер ва проектор ҳамда барча техник анжомлар билан жиҳозланган, хуллас ҳамма технология бу масканда ривожланган.

Сангмёнг университети ўзининг илмий фаолиятини 1937 йилда Чхонан шаҳрида бошлаган ва кейинчалик шаҳар типидаги кампусга айлантирилган. Кўпгина мустақил университетлар рейтинглари қаторида Сангмёнг университети рейтинги ҳам  Жанубий Кореяда энг яхши университетлар  қаторига киритилган. Мазкур корейс университети билан Тошкент давлат шарқшунослик институти нафақат талабалар алмашинувини йўлга қўйган, балки 2019 йилдан бошлаб ҳамкорликда «Корейс филологияси» таълим йўналиши бўйича қўшма таълим дастурини (double degree) ҳам жорий  қилган.

Қабул ва ўқиш ҳақида. Қабул комиссияси абитуриентларни имтиҳон ўтказиб, натижаларига қараб танлайди. Таълим муассасасидаги ўқув йили анъанавий равишда икки семестрдан иборат. Бундан ташқари, Сангмёнг университетида магистратура йўналиши ҳам мавжуд, ўқишни бемалол давом эттирса бўлади.

Сангмёнг университети «таълим фалсафаси»: ҳақиқат, адолат ва муҳаббат асосида инсон фаровонлиги ва маданиятини яратишга қандай ҳисса қўшишни биладиган баркамол шахсни тарбиялаш.

Бу таълим масканида талабалар алмашинуви яхши йўлга қўйилган. Ва энг муҳими таълим гранти асосида келиб ўқиш имконияти бор.

Биламизки, ҳозирда бутун дунё Коронавирус - COVID-19 пандемияси сабабли карантинда ўтиргандек. Бироқ инсоният коронавирус муаммосидан декабрда хабар топди ва биз бу вирус ҳақида ҳали кўп нарсаларни билмаймиз. Шу сабабли ҳам аввалига бизнинг яқинларимиз уйга қайтишимизни хоҳлашди, аммо уйга қайтиб, яқинларимга ўзим билмаган ҳолда зиён етказиб қўйишим мумкинлигини мулоҳаза қилиб, шу ерда нима бўлса ҳам қолиб, ўқишимни давом эттиришга қарор қилдим. Дунё бўйлаб олимларнинг ақл-бовар қилмас изланишларига қарамай, коронавирус борасида ҳануз кўплаб саволлар очиқ қолмоқда. Шу сабабли ҳам – менинг қарорим тўғри деб ўйлайман.

Озгина карантиндаги танаффусли фурсатдан кейин, университет On-line  таълимни йўлга қўйди ва биз ҳозир ўзимиз учун қулай белгилаб олган дарс жадвали асосида ўқув машғулотларида ўқимоқдамиз.

Дарсдаги давомат ва иштирок -  машғулотга қатнашиш ёки қатнашмаганлиги телефон орқали талаба юборган хабарга қараб белгиланади, ёки ўқитувчи билан тўғридан тўғри боғланилади.

Ўқиш, аввал айтганимдек 2 семестрлик — кузги (сентябрь-декабрь) ва баҳорги (март-июнь). Ҳозирги On-line  ва аввалги таълимда уй вазифалари ҳамда топшириқлар  компьютер  орқали бажарилиб, фан  ўқитувчиларига e-mail  орқали юборилади.

Ҳар бир ўқув машғулотининг аудиовизуал манбаси бор – дарс  презентацияси ҳамда слайд-шоулари.

Бугунги карантин эълон қилинган санадан бошлаб барча ўқув машғулотлари корейс тилида ўтказилмоқда ва барча талаб этилаётган вазифалар университет сайти орқали ўқитувчиларга юборилиб, уларнинг баҳоланиши ҳам эълонлар тармоғида хабар қилинмоқда.

Коронавиус COVID-19 дунёнинг барча мамлакатларини фалажлаб қўйгандек гўё, аммо Жанубий Кореядаги ҳаёт секин давом этмоқда: кўчалари салгина ҳувиллаганини, хитойлик ва япон сайёҳларининг камайганини ҳисобга олмаганда, савдо ва маркетлар, корхона ва идоралар ишлаб турибди,  транспорт қатнови бор.

Тиббиёт ниқоблари ва дори-дармонлар дорихоналарда етарли. Кўчаларда, албатта одам кам, аксарияти карантинда уйда, барча фуқаролар  тиббий ниқобларда,  ҳамма жойга антисептик воситалар қўйилган, ҳамма одам санитарияга риоя қилмоқда.

Ўқиш ҳозирча қачонгача онлайн бўлиши номаълум, аммо шуни айтаманки, аҳоли учун ёрдам нафақалари ажратилиб, барча зарур  шароитлар яратилган.

Албатта бу ерга келган пайтимда мени ноаниқ ҳаяжонли туйғулар  қамраб олганди, демак шу синовли кунлар менинг ҳам тақдиримда бор экан. Лекин бир нарсага аминманки, келганимдан афсусланмайман, негаки керакли билимларни олиб, келгусида Ватанимга қайтсам, албатта бирорта янги кашфиётларни очишда менинг ҳам ҳиссам қўшилар. Эҳтимол, бунга шу ерда олган билимларим асқотар. Билмайман. Aммо, умид қиламанки, ҳозирги ҳолатимдаги «озгина саргузаштларга бой ҳаётим»дан мамнунман. 

Сардор Убайдуллаев,
Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech