16 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,9 °C

Кейинги авлод
10 Июн  2019 1924

Президент мактабларига танлов қандай ўтади?

 Яқинда Наманганда Президент мактаби қурилиши бошланди. У шаҳарга кираверишдаги Ислом Каримов проспектида 2,5 гектар майдонга жойлашади. Бу ерда ўқиш ва спорт билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратилади.

Иккита ўқув биноси, сузиш ҳавзаси бўлган спорт зали, бошқа вилоятлардан келган болаларнинг ота-оналари учун ётоқхона ва меҳмонхона, шунингдек, футбол, волейбол ва баскетбол майдончалари қуриши лозим бўлган «Зафар қурилиш сервис» ХК бош пудратчи сифатида иштирок этмоқда. Шунингдек, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш режалаштирилган, дам олиш масканлари, гулзор, ёпиқ автотураргоҳ ташкил этиш кўзда тутилган.

Вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Соҳибжон Эргашевнинг айтишича, оддий мактабнинг 4-синфидан кейин болалар мантиқий фикрлаш, ёзма имтиҳон ва суҳбат асосида Президент мактабларига ўқувчилар қабул қилинади. Бу ерда ишлашни истаган ўқитувчилар учун ҳам талаблар жуда юқори.

Мактаб август ойида ишга тушади ва биринчи ўқув йилида 5-10 синфларга 144 ўқувчи қабул қилинади. Бу ерда «STEAM-таълим» (Science - табиий фанлар, Technology - технологиялар, Engineering - техник ижод, Art - санъат, Mathematics - математика) дастури бўйича инглиз тилида ўқитилади. У ёки бу соҳада иқтидори бор болалар вақтида ўзи хоҳлаган касбни танлаши, севимли фаолияти соҳасидаги билим ва кўникмаларини такомиллаштириб бориши, фикрлаш ва савиясини, иродасини ривожлантириши мумкин. 9-11-синф ўқувчилари учун индивидуал ўқитиш имконияти мавжуд.

Битирувчиларга белгиланган давлат намунасидаги сертификат, халқаро дастур даражасидаги диплом («International Baccalaureate», «Advanced Placement» ёки «International Advanced Levels») берилади, бу етакчи хорижий университетларга кириш имконини яратади.

Президент мактаблари ташкил этилиши халқ таълими тизимини такомиллаштириш борасидаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Илғор жаҳон тажрибаси асосида барпо этилаётган янги ўқув муассасалари юқори малакали мутахассисларни болалигидан тайёрлаш, иқтидорли болаларга ўзини имкон қадар эртароқ намоён этишига шароит яратишга мўлжалланган.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражабов Президент мактабига қабул жамоатчилик диққат-эътибори остида ўтишини таъкидлади. Синовлар бир неча босқичда ўтказилади. Биринчиси - математика тести - 40 дақиқада ишланиши керак бўлган 20 та вазифа. Иккинчиси, ахборотни таҳлил қилиш ва таққослаш қобилиятини аниқлаш учун 16 та, математикадан мантиқ элементлари билан 20 та ва инглиз тилини аниқлаш учун 40 та вазифадан иборат.

5-синфда ўқишга номзодлар учун инглиз тили тести фақат имтиҳон топширувчининг умумий салоҳиятини баҳолашга хизмат қилиши таъкидланади. Кириш мезонлардан бири (баллар ҳисобланиши) 6-10 синф номзодлари учун ҳисобланади.

Кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, энг кўп балл тўплаганлар мактаб маъмурияти ва ИИВ ходимлари билан суҳбатдан ўтказилади. Бу вақтда ота-оналарнинг (ёки қонуний вакилларнинг) ва агар зарурат бўлса, психолог ва тиббиёт ходимининг иштирок этиши талаб этилади.

Имтиҳонлар давлат ва қорақалпоқ тилларида (Қорақалпоғистон Республикасида), шунингдек (номзодлар хоҳишига кўра), инглиз тилида ўтказилади.

Табиийки, соҳа ривожи борасида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражабовга бир неча савол билан мурожаат қилмасак бўлмасди.

Ваҳобжон Тўражанович, ўқув йили якунига етди. Маълумки, олтин медаллар 11-синфининг энг омадли ўқувчиларига берилади. Бу йил қанча ана шундай битирувчи бор?

– Жорий йилда вилоятдаги умумтаълим мактабларини 21 мингга яқин ўғил-қиз битирди. Улардан 315 нафари - олтин, 309 нафари - кумуш медалларини олишган. Эндиликда касбга йўналтирилган ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, ҳар бир битирувчи ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиши учун барча ишларни амалга оширяпмиз. Биз болалар ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқиши ва касб-ҳунар эгаллашига ҳаракат қиляпмиз.

Мактабда инсон ҳаётининг орзу ва умидларга тўла энг ажойиб даври ўтади ва биз уларга имкони борича кўпроқ билим ва кўникмаларни беришга ҳаракат қиламиз. Зеро, давлатимиз раҳбари: «Биз буюк аждодларимизга, билимли ва маърифатли инсонларга муносиб ёшларни тарбиялашимиз керак», дея кўп бор таъкидлаган.

Бунда кўп нарса ўқитувчиларга боғлиқ. Маълумки, мамлакатимизда ўқитувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, улар меҳнатини рағбатлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бугун ўқитувчи ўртача қанча маош олади?

– Мамлакатимизда педагогларнинг меҳнати ҳар доим қадрланади. Ҳозирда Наманган вилоятида ўқитувчиларнинг ўртача ойлик маоши 1,8 млн. сўмни ташкил этади, устамалар ва мукофотлар билан уч миллионга етиши мумкин. Шунингдек, уларнинг меҳнатини рағбатлантиришнинг бошқа йўллари ҳам мавжуд, масалан, синф раҳбарлиги ва дафтар текшириш учун тўлов.

Вилоятда қанча ўқитувчи бор? Эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетгани тўғрими?

– Устоз шогирди учун ҳар томонлама ўрнак ва намуна бўлиши керак. Ўқитувчи кўз олдида ўсиб-улғаяётган бола нафақат дарсларни ўзлаштиради, балки устози феъл-атворидаги баъзи хусусиятларни ҳам ўзига қабул қилади. Шу боис унинг роли жуда муҳим. Ҳозирги кунда минтақада 35 минг ўқитувчи меҳнат қилмоқда, уларнинг учдан бир қисмидан озроғини эркак ўқитувчилар ташкил этади.

Шуни айтмоқчиманки, соҳада янгиланиш жараёни, касбга бўлган талабларнинг ортиб бораётгани ўқитувчидан ўз устида мунтазам ишлаш, малакасини ошириш, илғор технологиялардан самарали фойдаланишни тақазо этади. Мунтазам изланмаган, билимларини оширмаган ўқитувчи нафақат натижаларга эришмайди, балки мактабда ҳам ишлай олмайди. Ўқитувчилар буни тўлиқ англаб етган ва ўтказилган аттестация натижаларига таяниб айтадиган бўлсак, талабларга мос келмаслиги сабаб меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимлар йўқ.

Мактаб ўқувчиларининг ёзги таътили қандай ташкил этилади?

– Вилоятда, шаҳардан ташқари, саккизта соғломлаштириш лагерлари мавжуд ва бу ёз мавсумида уларда саккиз минг ўқувчи дам олади. Қолганлари учун мактаблар ва мактабдан ташқари таълим муассасаларидаги лагерлар ишлайди. Биз болаларни соғломлаштириш, фойдали ва мазмунли дам олишни ташкил қилиш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз.

Дарвоқе, ёз фасли ажойиб сана билан, яъни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан бошланди. Унинг доирасида вилоятда кўплаб қизиқарли тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйида байрам мазмунли ўтказилди. Вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар вакиллари жисмоний имконияти чекланган болалар ҳузурига ташриф буюриб, уларга ҳақиқий байрам уюштириб бердилар.

Феруза Отахонова.

«Правда Востока».

Наманган вилояти.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech