08 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +2,8 °C

Кейинги авлод
3 Дек  2018 1548

Болалар боғчаси янада қулай бўлади

Ўқувчиларнинг ўзини ўзи мунтазам ривожлантириб бориши кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Ана шу йўналиш бўйича ўтказилган «Боланинг ҳар томонлама ривожланишини таъминлашда инновацион таълим муҳитининг ўрни»  мавзусида ўтказилган халқаро анжуманда мамлакатимиз ва хорижлик экспертлар қизғин муҳокама қилишди.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки вакиллари ва бошқа мутахассислар мазкур соҳа бўйича тажриба ва олинган натижалар билан ўзаро ўртоқлашишди.

- Мактабгача таълимда рақобатбардош тизим яратиш учун бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш лозим. Хусусан, уни ахборот, кадрлар ҳамда молиявий ресурслар интеграцияси ва кооперацияси тамойили асосида ривожлантириш керак. Лойиҳалаштириш ва таълим муҳитини шакллантиришда самарали механизмларни жорий этиш тармоқнинг янада кенгайишига, шунингдек, хусусий муассасалар ва кўрсатиладиган хизматлар сифатининг ошишига хизмат қилади, - дейди Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин.

Хорижий ҳамкорлар бу борада қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилдилар.

- Муҳими, жисмоний, ҳиссий, ижтимоий ва фикрлаш-ўйлаш қобилиятини ривожлантиришда ҳар бир болага бир хил имконият берилиши лозим. Ўзбекистонда ҳар уч фуқародан бири болакай бўлиб, уларнинг ҳар бири кейинги ўн йилликда меҳнат бозорига чиқади, - дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. – Мамлакат имкониятнинг демографик дарчаси афзалликларидан фойдаланиши учун уларга ҳозирданоқ инвестиция киритиши лозим.

Салфорд университетининг хизмат кўрсатган профессори, Оксфорд университети (Буюк Британия)нинг фахрий илмий ходими Питер Барретнинг маърузаси барчада қизиқиш уйғотди. Унинг айтишича, кучайтириш, индивидуаллаштириш, табиийлик тамойиллари асосидаги «ақлли» синф хоналарини барпо этиш керак. Унда яратиладиган иш муҳити ҳам болаларда меҳнат қилишга қизиқиш уйғотади, эътиборини бошқа нарсаларга чалғитмайди. Шунингдек, уларга шахсий ҳудуд – алоҳида-алоҳида кийим жавони тақдим этилади, болаларнинг ўзи бажарган ишлари намойиш учун осиб қўйилади, уларни қизиқтиришга йўналтирилган қулай ўқув муҳити яратилади, шунингдек, синфхона мос равишда ёритилади, ҳарорат ва ҳавонинг тозалиги меъёрида ушлаб турилади.

- Давлат 2021 йилга бориб олти-етти ёшли болакайларни юз фоиз мактабгача таълим тизими билан қамраб олишни режалаштирган. Бу қийин кўринса-да, лекин амалга оширса бўладиган мақсад. Жаҳон банки ушбу секторни ривожлантириш борасидаги халқаро тажрибалар билан ўртоқлашишга ва соҳада ислоҳотларни амалга ошириш учун молиявий ресурсларни тақдим этишга тайёр. Хусусан, келаси йили бунга 55 миллион доллар маблағ ажратмоқчимиз, - дейди Жаҳон банки вакили Хидеки Мори.

А. Акрамова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech