27 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,9 °C

Агросектор
15 Дек  2018 1951

Қай бири маъқул: анъанавийми ё инновацион усул?

Томчилатиб суғориш тизими жорий этилса, икки ҳисса ютамизми? Бунга фермерлар ва ер эгаларини қандай қизиқтирса бўлади?

2017 йилнинг декабрида Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томчилатиб суғориладиган майдонларни 28 мингдан 500 минг гектарга етказиш бўйича топшириқ берди. Cуғоришнинг замонавий усуллари ёрдамида обиҳаётни кенг кўламли тежашга ўтиш сув хўжалиги ташкилотлари, истеъмолчилар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, биринчи галда, пахта хомашёсини етиштирувчилар ўртасида янги ўзаро муносабатларни шакллантирувчи қатор институционал механизм ва усулларни жорий этишни талаб қилади. Қишлоқ хўжалигида мавжуд тамойилларни сақлаган ҳолда, анъанавий усуллар билан мақсадга эришиш жуда машаққатли иш. Фермерларга биргина имтиёзли кредитлар бериш билан ҳам иш битмайди.

Барча қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчилар учун томчилатиб суғоришнинг кенг жорий этилиши давлат, фермерлар, Сув истеъмолчилари уюшмалари (СИУ), томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқарувчилар, потенциал инвесторлар учун «win-win» (икки ҳисса ютиш) шароитини яратади. Агар давлат буюртмаси билан етиштириладиган арзон хомашё ва пахта хомашёсига (бундан кластер ишлаб чиқариши мустасно) етиб бориш ҳуқуқи бўлмаса, сувни тежашга инвестициялар киритишга қизиқтириб бўлмайди.

«Оқ олтин» етиштирувчи фермер хўжаликлари томчилатиб суғориш тизимларини харид қилиш ва ўрнатиш учун етарлича маблағи бўлмагани сабабли давлатдан имтиёзли кредит кўринишида ёрдам олади. Бундан ташқари, уларни эксплуатация қилиш учун ҳар йили бир марталик тасмаларни алмаштиришга ҳам молиявий маблағлар зарур. Пахтадан юқори ҳосил олиш қатор таваккалчиликлар билан ҳам боғлиқ, албатта. Фермерлар эса имкон туғилди дегунча яна анъанавий, арзон қўл меҳнатидан фойдаланган ҳолда, жўяклаб суғоришга ўтади.

Мисол учун, полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарадиган Шўртан газ кимё мажмуаси тажрибасини олайлик. Корхона 2011 йили ускуналар сотиб олиб, томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқара бошлаган. Давлат топшириғига кўра, корхона 2015 йилга қадар Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бирида 50-100 гектардан майдонда томчилатиб суғоришни намойиш этиш участкаларини барпо этди. Барча ҳолатларда деҳқонлар яхши, гетарига ўртача 25 дан 50 центнергача ҳосил кўтардилар. Уч йиллик эксплуатациядан сўнг мўлжалдаги даромад келмагач, мажмуа тизимни фермер хўжаликларига бериб юборди. Улар эса тизим ишлаб туриши учун етарлича маблағга эга бўлмагани сабабли яна анъанавий, жўяклаб суғоришга ўтишди. Юзага келган вазиятда етказиб берувчига томчилатиб суғориш тизимини ишлаб чиқариш ва ўрнатиб бериш эмас, балки гранула сотиш кўпроқ даромад келтирди.

Юқоридаги мисолни келтиришдан мақсад томчилатиб суғориш усулини кенг кўламда жорий этишда фақат компаниялар, тижорат ёки молиявий тузилма (инвесторлар)ларгина етакчи кучга айланиши мумкинлигини таъкидлашдир. Айнан капитал маблағларнинг мавжудлиги ушбу соҳа келажагини белгилаб беради.

Бир сўз билан айтганда, шундай шароит яратиш керакки, фермерларда сув ресурсларини кам сарфлаб, юқори ҳосил олишга қизиқиш уйғонсин. Ҳозирча уларни рекорд ҳажмдаги маҳсулот олиш қизиқтираётгани йўқ, аммо табиий ресурслардан кенг фойдаланишмоқда. Негаки, тежамкорлик улар учун бирламчи ёки тўғридан-тўғри фойда эмас. Анъанавий суғориш қулайроқ, ҳатто, моддий маънода ҳам.

Потенциал инвесторларга эса, ўз ишлаб чиқаришини кенгайтириш ёки хомашё ва тайёр маҳсулот кўринишида экспорт қилиши учун режадан ошиқча олинган пахта хомашёси ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бир қисми қолиши керак.

Бошқа тўсиқ – томчилатиб суғориш тизимининг қимматлиги. Ишлаб чиқарувчилар уларнинг нархини тушириши учун хомашёни сотиб олиши, ускуналарни четдан импорт қилиши ва бундай тизимларни экспорт қилишига имтиёзлар белгилаш мумкин. Шу йўл билан фаолияти ички ва қўшни Марказий Осиё давлатлари бозорига йўналтирилган тайёрлаб берувчилар доирасини шакллантириш ва кенгайтириш таъминланади. Бунда, шунингдек, полиэтилен гранулалар ишлаб чиқариш ҳажмини икки бараварга ошириш имкониятини ҳам кўриб чиқиш муҳим.

Навбатдаги муҳим омил – фермерларни кам сув сарфлаб юқори ҳосил кўтаришга қизиқтириш. Бунда иккита воситадан фойдаланиш мумкин: керакли муддат ва миқдорда сув етказиб беришни (жўяклаб суғоришда сарфланадиган сув миқдорининг умумий миқдоридан 40 фоизга кам сувни далаларга етказиб бериш) кафолатлаган ҳолда томчилатиб суғориш жорий этилаётган ҳудудларда етказиб бериладиган сув ресурслари ҳажмини қисқартириш; жўяклаб суғоришдан олинган ҳосилдан ошиқча пахта хомашёси (сўнгги уч йилда ўртача) нархини ошириш. Ўз даласида замонавий технологияларни жорий этган деҳқонлар обиҳаёт сарфини камайтиришга ҳисса қўшади, шу боис пахта хомашёсини қимматроқ нархда харид қилиш ортиқчалик қилмайди. Бундан фермерларда сув тежовчи тизимларни ўрнатишга бўлган қизиқиш ортади. Суғоришда муаммолар бўлмаган ер эгаларида ҳам айни дамда бунга қизиқиш йўқ. Буни томчилатиб суғориш меъёридан ошиқча сув ресурсларини етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан тўғрилаш мумкин. Яъни замонавий ирригация технологияси ишлаши учун қанча миқдорда обиҳаёт зарур бўлса шунча миқдорда етказиб бериб. Бу вазифани сув хўжаликлари ташкилотлари амалга оширишга қодир.

Улар ортиқча ресурсларни сув танқислиги кузатилаётган бошқа ирригацион тизимга йўналтириши мумкин. Бу ўз навбатида сув етказиб бериш хизматлари учун тўловни амалга оширишни жорий этишга, ва ҳатто, тежалган сув бозорининг ривожланишига шароит яратади. Каналлардаги оқар сувдан машиналар ёрдамида суғоришдан томчилатиб суғоришга режа асосида ўтиш натижасида сув хўжалиги ташкилотлари насос станцияларига сарфланадиган электр энергиясини тежаши ва бунга кетадиган маблағларни ирригация тизимларини реконструкция ва модернизация қилиш, соҳа кадрлари малакасини янги даражага кўтариш ва илмий тадқиқотлар олиб боришга йўналтириши мумкин. Шунингдек, бунда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ва уларга сарфланган маблағларни суғурта қилиш ҳам долзарб масаладир.

Давлат ҳам сув ресурслари танқислиги ўсиб бораётган шароитда пахта хомашёси етиштириш ҳажмини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, насос станциялари ишлаши учун электр энергиясини маблағ билан таъминлашни қисқартириш имконига эга бўлади. Юқорида келтирилган тадбирларнинг амалга оширилиши, назаримизда, томчилатиб суғориш тизимларини кенг жорий этиш учун зарур шарт-шароит яратади.

Акмал Каримов.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти доценти.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech