19 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22 °C

Ижтимоий ҳаёт
22 Фев  2019 1165

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақаларни тайинлаш тартиби

Фарзанд дунёга келгач, онанинг вазифаси унга ғамхўрлик қилишдир. Бола то боғча ёшига етгунча аёл бошқа иш қилишдан чекланиши табиий. Бундай пайтда оиладаги шароитга қараб она маҳалла фуқаролар йиғинидан бола парвариши учун ёрдам пули олиши мумкинлиги қонунчиликда белгиланган.

 

Кам таъминланган оилаларга тайинланадиган ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамнинг қуйидаги турлари мавжуд:

  • 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа;
  • бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;
  • кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам.

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак.

Агар туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган икки ва ундан ортиқ болалар парвариш қилинса, у ҳолда бола парвариши бўйича нафақа кичик бола икки ёшга тўлгунга қадар бир баравар миқдорда тўланади.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи – посёлка, қишлоқ ва овул, шунингдек шаҳарларнинг маҳаллалари фуқаролар йиғини ёки бундай қарорларни қабул қилиш учун фуқаролар йиғини томонидан ваколат берилган Комиссия томонидан қабул қилинади.

Ушбу Комиссия таркиби камида 15 кишидан иборат бўлиши керак.

Комиссия қарори, унинг йиғилишида тасдиқланган таркибнинг камида учдан икки қисми иштирок этса қонуний ҳисобланади.

Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.

Низомда 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар), ногирон боласи (болалари) бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик даромад 304 мингдан кам бўлганда тайинланади.

Оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги уч ой учун ҳисоблаб чиқилган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига бўлинган ҳолда аниқланади.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун оила таркибига:

  • болаларнинг отаси, онаси ёки никоҳдаги ҳар икки ота-онаси (фарзандликка олувчилар);
  • ота-оналар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар, шунингдек ота-оналар билан биргаликда яшайдиган ва ўз оилаларига эга бўлмаган 16 ёшдан катта ёшдаги болалар (шу жумладан фарзандликка олинган болалар);
  • болаларнинг улар билан биргаликда яшайдиган боболари ва бувилари;
  • болаларнинг ота-оналари (фарзандликка олувчилар) билан биргаликда хўжалик юритувчи бошқа шахслар киритилади.

Оиланинг биргаликда яшовчи аъзолари таркиби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан белгиланади.

Ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;
  • мулкий даромадлар;
  • якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;
  • чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;
  • пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар;
  • шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech