21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,6 °C

Суҳбат
4 Фев  2019 1932

Касса чеклари инсон организми учун хавфли(ми?)

Технология олами ривож топиб боргани сари унинг инсон саломатлигига таъсири ҳам кучайиб бормоқда. Ҳатто, кундалик турмушимизда учрайдиган, у қадар эътибор бермайдиганимиз айрим нарсалар киши саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради.

Термоқоғозларга босиладиган чеклар ҳам ана шулардан биридир. Биз чекларнинг зарари борасида кимё фанлари номзоди Хония Асилбековага мурожаат қилдик.

– Харидорга сотувчи томонидан тақдим этиладиган касса чеклари саломатлик учун қанчалик зарарли?

– Биласизми, термоқоғоз қизиганида ўз рангини ўзгартиради. У нафақат дўконлар, балки банкоматларда ҳам қўлланилади.

Термоқоғоз ишлаб чиқаришда пластмассанинг кенг тарқалган таркибий қисми бисфенол А (BPA)дан фойдаланилади. Бу модда ғоятда хавфли саналади. Инсон организмига тушганида бисфенол А саратоннинг турли шакллари, гормонал бузилишлар ва организм билан боғлиқ бошқа муаммоларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлади.

Дунё олимларидан иборат гуруҳ Испания, Франция ва Бразилия дўконларидан олинган чекларни тадқиқ этишга қарор қилишди. Уларнинг қўлида юздан ортиқ намуналар бор эди. Тадқиқотлар натижасида, Бразилия ва Испаниядаги чекларнинг 90 фоизи таркибида бисфенол А мавжудлиги аниқланди. Фақат француз чекларида ушбу модда озроқ қўшилган экан, бироқ у ерда хавфи бир оз камроқ бўлган бисфенол S мавжуд эди. Олимлар бу модда ҳам саломатлик учун хавфли эканини таъкидламоқда.

Бисфенол А кимёвий моддаси агар озиқ-овқат маҳсулотлари билан ёнма-ён қўйилса, улар орқали организмга кириб бориши натижасида кўкрак, бачадон, жинсий аъзолар ва бошқа турдаги саратон тўқималарини пайдо қилади. Шунингдек, ушбу модда организмдаги гормонлар меъёрини бузиб, семиришга олиб келади.

– Мазкур хавфдан сақланиш учун асосий эътиборни нималарга қаратиш зарур?

– Таҳлил қилинган маълумотларга асосланиб, дўконлардан олинган чекларни озиқ-овқат маҳсулотлари ёнида сақламаслик, ташлаб юборилишидан аввал ғижимлаш ва йиртиб ташламаслик тавсия қилинади. Термоқоғоз ғижимланганда ёки бўлакларга бўлинганида қўлларда BPAга эга бўлган майда чанг юқи қолиши мумкин. Бундан ташқари, чекларга расм солиш, уларни ҳамён, сумка ва машиналарда сақламасликни маслаҳат берган бўлардим. Энг асосийси, термоқоғозларни болалар қўлига бермаслик керак.

Мазкур маслаҳатлар барчамизга тегишли эканлигини зинҳор унутмаслигимиз лозим.

Анвар Шеров ёзиб олди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech