21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,6 °C

Фикр
5 Янв  2019 6435

Қош қўяман деб...

- Ойи, ярим соатгина компьютерда ўйнай.

- Йўқ, бугунга етади. Шусиз ҳам, кун бўйи компьютерда ўтирибсан.

- Илтимос.

- Йўқ, дедим.

- Ойижон, илтимос, хўп дея қолинг!

- Оббо! Бўпти, яна ярим соат, ундан ошмасин!

Ушбу диалогдан кимдир ўзини танигандир, албатта. Аммо бундан болакай компьютерни ўчирадими-йўқми, айтолмаса керак. Бизнинг тахминимизча, йўқ. Аслида кўпгина ота-оналар болаларига ёқадиган ўйин сюжети ва мазмун-моҳияти ҳақида билмайди ҳам.

Яқинда тортишаётган ота-она мулоқотига гувоҳ бўлдик. Улардан бири компьютер ўйинлари хавфсиз, дерди, ўйлашича, ҳаётимизни акс эттирган. Агар бундай ўйинлардан қутулиб бўлмаса, уларнинг «фойдали»роқларини топиш керакдир.

Мисол тариқасида «Майнкрафт» ўйинини айтишди. Тўғри, бир қарашда ўйин ижодий тафаккурни ва стратегик фикрлашни ўстиради. Интернет қидирувчи сўровга юзер (инглизча user - фойдаланувчи)нинг кубсимон блоклардан ташкил топган ва юзага келган уч ўлчамли олами экани тўғрисидаги маълумотни топиб беради. Блокларнинг жойларини ўзгартириб, турли иншоотлар қуриш мумкин. Конструктор ўйинига ҳам ўхшайди. Ўйин бирор аниқ мақсадни ўз олдига қўймайди, балки дунёни тадқиқ этиш, объектлар қуриш ва душманлар билан курашишни таклиф этади.

Янада тўлароқ тасаввурга эга бўлиш учун ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказдик. Уларнинг ҳар биридан ушбу ўйин ҳақида нималар билишини сўрадик.

Кўпчилик ота-она бу ўйиннинг кенг тарқалгани ва фарзандларига ёқишини айтишди.

Бошқалари эса экранда содир бўлаётган ҳаракатларни тушунмай, пиксель блокларининг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, деган хулосага келишди. Биттаси, ҳатто: «Фарзандим бу ўйинга қизиқиб қолганида отишмалари йўқ виртуал оламли ўйин яратишибди-да, деган фикрга боргандим. Аммо вақт ўтиши билан унинг хатти-ҳаракатлари ўзгара бошлади. У энди янаям кўп вақтини компьютер олдида ўтказарди. Компьютерни ўчириш ва дарсларини тайёрлаш кераклиги ҳақидаги гапга тажовузкорлик билан жавоб қайтарадиган бўлди. Натижада ўйинни ўчириб ташладик».

Умумий ҳисобда фарзандлари бошланғич синфга борадиган элликка яқин ота-она билан суҳбат ўтказдик. Уларнинг аксарияти фарзандларининг бундай компьютер ўйинларига муккасидан кета бошлаганини қайд этишди. Фақат учтасигина бу ўйинни умуман билмаслиги ва фарзандлари бўш пайтида бундай ўйинлар ўйнамаслигини айтишди.

Шахсий кузатувимдан.

…Ака-ука «Майнкрафт» ўйнамоқда. Агар улар ўртасидаги тортишувга эътибор берилса, нима ҳақида гапиришаётганини тушуниб бўлмайди.

- Тегма, менинг шишам.

- Яқинлашма, бу сенинг битларинг эмас. Мен дайдидан ҳам, сендан кучлироқман, билдинг?!

Сўнгги гап, юмшоқроқ айтганда, кишини тахтадай жойида қотиради. Маълум бўлишича, мазкур ўйинда бир нечта сюжет бор экан. Улар орасида катта шаҳарда тирик қолишга уринадиган яшаш-туришининг тайини йўқ, бошпанасиз, дайди шахс энг таниқлиси экан. Аниқланишича, ўйнаётганлар виртуал оламда ким энг кўп шиша идиш йиғиш бўйича мусобақалашар экан.

Ўйинда ота-оналар билмайдиган яна қанча сюжетлар бор. Камига аксарият ҳолларда боласи халақит бермаслиги учун қўлига гаджет тутқазиб қўядиганлари ҳам топилади. Бирон нима билан овунтириб қўйиш яхши, албатта, кун бўйи товуши чиқмайди, кўринмайди, тўполон қилмайди. Кейин фарзанд компьютер олдида ёки қўлида телефон билан ортиқча вақт ўтириш учун катталар нимани буюрса, бажаришга тайёр бўлади. Бироқ бундай нореал оламга чуқур кириб кетиш реал ҳаётда катталар ва бола ўртасида улкан жарликни ҳосил қилади.

Эртага жажжи фарзандингиз чин дилдан тумандаги энг зўр дайдига айланишни орзу қила бошласа, қандай йўл тутасиз?

Оксана Малосабирова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech