27 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,3 °C

Туризм
6 Мая  2020 1800

Ноёб танловга старт берилди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Гастрономик туризм ассоциацияси «Ўзбекистоннинг ноёб таомлари» танловига старт берилаётганини маълум қилади.

Ўзбекистоннинг гастрономик салоҳияти кўплаб хорижлик сайёҳларимиз томонидан доим юқори баҳоланиб келинади. Шу билан бирга, мамлакатимиз National Geographic танловида энг яхши гастрономик йўналиш ғолиби сифатида эътироф этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Бутунжаҳон туристик ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган #СаёҳатЭртага гастрономик кампаниясида қатнашмоқда.

«Ўзбекистоннинг ноёб таомлари» танлови ҳам мана шундай ишларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

«Ўзбекистоннинг ноёб таомлари» лойиҳасига кўра, танловда иштирок этишни истаган кишилар ўз ҳудудларига хос бўлган қадимий, антиқа ва тобора йўқолиб бораётган камида 5 миллий таом (суюқ, қуюқ, пишириқ, ширинлик) рецептини тақдим этиши керак бўлади.

Иштирокчидан қуйидаги маълумотлар талаб этилади:

- Таом, унинг тарихи ва муаллифи ҳақидаги қисқача маълумот ва қизиқарли фактлар;

- 5-6 кишилик порция учун керак бўладиган масаллиқлар рўйхати (килограмм, грамм, литр, қошиқ каби ўлчовлар билан);

- Масаллиқларнинг қандай шаклда тўғралиши (кубик, сомонча, ҳалқасимон ва б.) Таомни тайёрлаш жараёни аниқ кетма-кетликда ёзилиши;

- Таомнинг мазали чиқиши учун муаллифдан қўшимча ва тавсиялар;

- Фото ва/ёки видеолавҳа.

Танловнинг Республика босқичи ғолиблари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан

1-ўрин учун 5 миллион сўм,

 2-ўрин учун 3 миллион сўм ва

3-ўрин учун 2 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари, шунингдек Ўзбекистон Гастрономик туризм ассоциациясининг диплом ва сертификатлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Энг сара рецептлар «Ўзбекистоннинг ноёб таомлари» китобига сизнинг сулолангизнинг муаллифлик рецепти сифатида исм ва фамилиянгиз кўрсатилган ҳолда киритилади.

Танловда иштирок этиш учун Ўзбекистон Гастрономик туризм ассоциациясининг расмий канали @gastrotourism_uz’га обуна бўлишингиз ва қайта алоқа боти @gastrotourismbot орқали рецептларни йўллашингиз керак бўлади, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Шунингдек, хабар орқали материалларнинг 2020 йил 20 майигача қабул қилиниши ҳақида огоҳлантирилади, ҳамда танлов жараёни ва унинг иштирокчилари ҳақида батафсил маълумотларни online-tourism.uz сайти орқали олиш мумкинлиги ҳақида эслатади. 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech