29 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,8 °C

Ҳукумат
7 Дек  2019 3722
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимизни ушбу қутлуғ айём билан табриклади. 

Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, энг муҳим мақсад ва вазифаларини белгилаб олади. Мамлакатимиз мустақиллигининг илк даврида қабул қилинган Конституцияда ҳам халқимизнинг хоҳиш-иродаси, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, давлат тузилиши ўз ифодасини топган. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини қайд этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Шу боис Конституциямизни ардоқлаймиз, улуғлаймиз, ўрганамиз. 

Президент Шавкат Мирзиёев бугун ўз нутқида қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ишлаб чиқаётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шартлигини алоҳида айтиб ўтди. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ.

Қонунийликни қарор топтириш, қонун бузилишига қарши курашиш борасида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари “уйғонгани” қайд этилди. Масалан, Давлат бюджети муҳокамаси пайтида фуқаролар ва депутатлар фикри асосида мактаблар учун 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилгани ёки одамларнинг ҳақли эътирози туфайли дарахтларни сабабсиз кесишга қарши мораторий эълон қилингани ижобий баҳоланди. Булар аҳолининг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни узлуксиз давом эттириш, бу борадаги кўникмаларни фарзандлар тарбиясига болаликдан сингдириш кераклигини таъкидлади.

– Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Бош қомусимизда белгиланган инсонпарвар тамойиллар тўла амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда Президентимизнинг жиноят содир этганларни афв этиш бўйича 8 та фармони қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди.

Ушбу байрам арафасида Ўзбекистон раҳбари яна бир шундай фармонга имзо чекди. Унга биноан, жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкум афв этилди. 

Бу йил Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани ҳам инсонпарвар сиёсатнинг амалий намунаси бўлди. Бундан ташқари, озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш тартиби биринчи марта йўлга қўйилди.

Жорий йилда “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик амалиётлари доирасида қуролли можаролар майдонидан 261 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар юртимизга қайтариб келинди.

Ўтган уч йилда 9 минг 692 нафар, жумладан, бу йилда 5 минг 868 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Судларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, тергов-суриштирув жараёнида ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш, адвокатура институтини такомиллаштиришга оид долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Байрам тантанасига йиғилганлар қўлларини кўксига қўйиб, Мустақиллигимиз қўшиғига жўр бўлди. 

Байрам тадбирида давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ва санъат намояндалари, хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тантана катта концерт дастури билан давом этди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech