01 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,2 °C

Фикр
22 Апр  2020 1075

Коронавирусни енган бола орзуси

Алишернинг коронавирусни  енгиб, онасининг олдига келгани ҳақидаги хабарни кўзлари меҳр тўла халқим чапаклар билан қарши олди. Касалликни енгиш ва кундалик ҳаёт тарзига қайтиш умиди ва ишончи янада мустаҳкамланди.

Корнавирусни енган 8 ёшли Алишер билан суҳбатга ошиқдим...

Рости, Алишер ва онаси билан кечган суҳбатни қоғозга туширгач, ўйланиб қолдим: бу кимнинг сўзлари эди? Кўз ёшларини тиёлмай ҳасратлашган онанингми? Ёхуд хасталикдан кўра соғинчини айтишни ҳохлаётган Алишернингми? Балки уларнинг изтиробларини қоғозга кўчиришга кучи етмаётган менингдир? Ёки, Сизнинг ҳам сўзингиз бўлиши мумкин...

Хуллас, Алишер дедики:

Мен Қашқадарёнинг олис қишлоғида яшайман. Боғимиз бор, кенг дашту далаларда велосипед учириб юраман. Ота-онам, яқинларим ва оҳакка бўялган чиройли мактабимни, ўқитувчимни, синфдошларимни яхши кўраман. Энг яхши машғулотимни айтайми: ҳуснихат. Ёзавераман, ёзавераман, Ботирникига ўхшаб қўлим толиқиб ҳам қолмайди. Ҳарфлар орқали китобни танидим. У орқали истаган шаҳрингга, ҳатто, Тошкентга ҳам бориш мумкин экан. Китоб қаҳрамони билан бирга хаёлан сайр қиламан. Хуллас, китобни яхши кўриб қолдим. Нега акамлар ҳеч қўлидан қўймайди, десам, гап буёқда экан. Ўқитувчимни, синфдошларимни соғиндим... Чунки....Чунки, мен ҳозир Қаршидаман. Касалхонада. Коронавирус деган касалликка чалиниб қолдим. Дадам ва акаларим ҳам.

Дадам ўзлари қийналиб нафас олаётган бўлсаларда бизга далда бўлдилар: «Бу ердан сопа-соғ бўлиб чиқиб кетамиз, болаларим. Қаранглар, дўхтирлар биз билан биргаликда касалликка қарши аёвсиз курашаяпди. Уларга ишонамиз ва барча айтганларини бажарамиз. Кўрасизлар, ҳали ҳаммамиз уйимизга эсон-омон борамиз. Кучли бўлинглар, кучли»,— дердилар. Ва мен тузалдим. Ҳозирча фақат мен тузалдим. Аямнинг ёнига олиб келишди. Энди сал енгилроқ даволанадиган касалхонадамиз. Аяжонимга раҳмим келади. Йиғлагани-йиғлаган. Нега йиғлайсиз, десам, — «мен нима айб қилган эдим, коронавирус деб эшитишим билан, ҳаммангизни асрашга, уйларни тез-тез тозалашга, қайноқ сув ичириб, болаларимни кўчада бесар юрдирмасликка уриндим. Қаерда хато қилдим, болам», — деб йиғлайдилар. Акамлар ётган касалхонанинг деразасига кўзлари тўрт бўлиб куни бўйи тикилиб ўтирадилар. Овутишга ҳаракат қиламан.

Томорқамизда ҳамма экинларни ўзимиз экиб, дарахтларда энг ширин меваларни ўзимиз етиштирамиз. Бозордан деярли ҳеч нарса сотиб олмаймиз, барчаси ўз томорқамиздан чиқади. Сигиримиз, товуқларимиз бор. Аям уларни эслаб хавотирланади. Мен эса кўм-кўк ҳовлимизни ҳар битта майсасигача қаттиқ соғиндим, жуда-жуда соғиндим.

Бутун оиламиз билан касалхона эканимиздан хафаман. Аям ҳам ҳудди менинг аҳволимдалар, қишлоғимизни қаттиқ қумсаябдилар. Лекин, бутун фикру зикри акаларим ва дадамнинг соғайишида.

— Умримда дўхтирга ишим тушмаганди. Бу нимаси бўлди-ей, бир қултум сув ва тоза ҳаводан ортиқ бойлик йўқ экан, — дейдилар. — Ҳар бир соғлом ўтаётган кунга шукур қилиш керак экан. Оиланг жамулжам бўлиб, дастурхон атрофида чақчақлашиб ўтиришга етадиган неъмат бормикан. Болаларинг атрофингда соппа-соғ чопқиллаб юришса, бунга етадиган бахт борми.

Алишернинг ўзига келишини кутдим. Кейин секин «Сенга нима керак, болажон, нимадир егинг келяпдими? Тортинмай айтавер».

Суҳбат чоғида секин, қимтиниб жавоб бераётган боланинг кайфияти бирдан ўзгариб кетди, ҳаяжондан  овоз баландлашиб: «Ўқиш китоб керак. Менга Ўқиш китоби, эртак китоб, дафтар ва ручка обкелиб бероласизми?» —  деди. 

Энди кўзёшларимни ушлаб туролмадим. Шунча оғир синовларни бошидан кечириб ҳам китоб сўраган, маърифатга интилган мурғак қалб эгасининг орзулари ижобат бўлсин: тезроқ яқинлари шифо топиб, яна оиласи жамулжам бўлиб, бахтиёр ҳаётига қайтсин!

Лола Саодатова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech