26 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,7 °C

Воқеа-ҳодисалар
29 Мар  2020 459

КХДР ракеталарининг таъсири Приморьеда сезилмади

Россия олимларининг фикрича, Корея Халқ Демократик Республикаси ҳарбий кучлари томонидан учирилган навбатдаги синов ракеталари Япон денгизининг Россияга, аниқроғи Федерациянинг энг шарқий субъекти – Приморье ўлкасига туташ қисмида ҳеч қандай жиддий сейсмик ҳолатларни келтириб чиқармади. Тахминий маълумотларга кўра, шу кунларда Шимолий Корея 2 та ракетани синовдан ўтказган. Бу ҳақда Россиянинг цунамилардан огоҳлантириш хизмати «Владивосток» маркази вакили «РИА Новости» мухбирига маълум қилган.

 «Минтақада жиддий сейсмик воқеалар қайд этилмади», - деди жумладан суҳбатдош агентлик вакилига.

Бундан бироз аввалроқ «Рёнхап» ахборот агентлиги Жанубий Корея ҳарбийларига тегишли манбаларга таянган ҳолда КХДР Япон денгизи томонга икки ракета йўналтиргани, максимал 30 километр баландликда учирилган жисмлар 230 километр масофага етиб боргани ҳақида хабар тарқатганди. «Примгидромет», яъни Приморье ўлкаси гидрометереология хизмати эса ўз навбатида Шимолий Кореядан эҳтимолий учирилган ракеталар минтақадаги радиациявий ҳолатга ҳеч қандай таъсир ўтказмаганини таъкидлаган.

КХДРдан ракеталар учирилиши мамлакатда «COVID-19» тарқалганини билдирадими?

Буни Япония Мудофаа вазирлиги масъуллари ўрганади

Бинобарин, ушбу воқеага кун чиқар юрт ҳукуматининг муносабати умуман бошқача экани қизиқ. Маълум бўлишича, Япония мудофаа вазири Таро Коно қўл остидаги тегишли ходимларга КХДРнинг яқин масофаларга мўлжалланган баллистик ракеталар билан боғлиқ ҳаракатлари тўғрисида тарқалган хабарларга ойдинлик киритиб, воқеалар ривожини муфассал таҳлил этиш бўйича топшириқ берган. Шунингдек, мулозим портловчи қурол учирилиши билан кечган бу синов Шимолий Кореяда коронавирус инфекцияси рўйхатга олинган бўлиши мумкинлигига алоқадорми ёки йўқлигини ҳам аниқлашни буюрган.

Вазир Таро Коно «NHK» телеканалига берган интервьюсида, жумладан шундай деган: «Улар (яъни, КХДР) халқаро жамоатчиликка анчайин жадал суръатларда таҳдид қилишмоқда. Шимолий Кореяда ҳам коронавирус аниқлангани тўғрисидаги маълумотлар кўзга ташланяпти. Бу икки воқеа бир-бирига дахлдор бўлиши мумкинми? Биз ана шу икки масала юзасидан тарқатилаётган хабарларни батафсил ўрганмоқчимиз».

Дарвоқе, япониялик ҳарбийлар, «Рёнхап» ахборот агентлиги маълумотига зид равишда, ракеталарнинг дастлабки ва охирги манзили оралиғидаги масофа 250 километр эканини иддао қилишган. Бошқача айтганда, кун чиқар юрт ОАВ тарқатган хабарларга қараганда, ракеталар Япониянинг иқтисодий манфаатлари ҳудудига яқин жойга тушган. КХДР ракета учиргани ҳақидаги дастлабки хабарлар пайдо бўлгач, Япония Бош вазири Синдзо Абэ дарҳол барча масъул идораларга керакли маълумотларни тақдим этиш, юк кемалари ҳаракати ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек воқеалар ривожи, вазият талабига қараб зарур чоралар кўриш юзасидан тегишли вазифалар берди.

Ёдингизда бўлса, Шимолий Корея бунгача шу ойнинг ўзида уч бор - 2, 9 ва 21 март кунлари ҳам ракеталар синовини ўтказган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech