27 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +35,9 °C

Люксембург: Ўзбекистонда вазият яхши

Люксембург бизнес газетасида Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этилди.

 Европада ҳозирги пайтда пандемия оқибатларидан кўп зарар кўраётган мамлакатлар бошқа давлатлар, хусусан, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни кузатмоқда.

23 апрелда «Agefi Luxembourg» бизнес газетасида Ўзбекистоннинг COVID-19 га қарши кураш сиёсати ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Нашр дунёда инфекция, уни юқтиришлар, касалликка чалиниш билан боғлиқ янги вазият ва ўлим ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни акс эттирувчи «Worldometer» платформаси маълумотига асосланиб ёзишича, ҳозирги пайтда Ўзбекистондаги вазият яхши.

«Касаллик билан боғлиқ 1 минг 716 ҳолат мавжуд, шундан 7 та вазиятда ўлим қайд этилган, 454 киши тузалди», деб хабар беради газета. Унда касаллик мамлакат аҳолиси сонига нисбатан солиштирилиб, ҳар миллион нафар инсонга ўртача 51 бемор тўғри келиши қайд этилади. Дунёда эса бу рақам ҳар миллион кишига 339 тани ташкил қилади.

Шунингдек, нашрда Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукумати хавфни олдиндан кўра билган ҳолда чоралар кўргани касалликнинг тарқалиш суръати ва кўламини тўхтатибгина қолмай, балки инқирознинг иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича самарали чора-тадбирлар комплексини ҳам қабул қила олишига хизмат қилгани қайд этилган.

Маблағи 1 миллиард долларга тенг бўлган Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг ташкил этилиши солиқ ва қатор бошқа имтиёзлар, муддати кечиктирилган кредит тўловлари, шунингдек, аҳолига, айниқса, заиф қатламга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконини бериши газета саҳифаларидан жой олган.

«Ҳукумат 33 миллион аҳолини тиббий ниқоб билан таъминлаш мақсадида тўқимачилик саноати имкониятларини самарали ишга солди ва бир кунда 2 миллион донагача ниқоб ишлаб чиқаришни йўлга қўя олди. Кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 5 миллионга етказиш режалаштирилган», деб ёзади нашр.

 «Ўзбекистон Хитой, Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Озарбайжон, Венгрия ва Россияга зарурий тиббий ёрдамни юбориб, инсонпарварлик ёрдамини ҳам кўрсатди», дейилади мақолада.

«Agefi Luxembourg» бизнес газетаси, шунингдек, Американинг «The Diplomat» нашрида эълон қилинган «Ўзбекистон COVID-19 шароитида Марказий Осиё дипломатиясини давом эттиради » сарлавҳаси остидаги мақолага, хусусан, Озодлик радиоси шарҳловчиси Брюс Паннинг «Агар Марказий Осиёдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қодир ягона шахс бўлса, бу – Президент Шавкат Мирзиёевдир», деган фикрларига эътибор қаратади.

Мақола якунида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 апрелда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида илгари сурган ташаббуслари ҳақида ёзади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech