04 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +31,5 °C

Саломатлик
9 Апр  2020 939

Малакали кадрлар — замонавий тиббиётнинг етакчи кучи

Аҳоли саломатлигини асраш, соғлом ва узоқ умр кўриш кўрсаткичини ошириш, жамиятни изчил тараққий эттиришда замонавий тиббиётнинг ўрни беқиёс. Коронавирус пандемиясига қарши қизғин кураш кечаётган шу кунларда бу янада ёрқин намоён бўлмоқда. Инфекцияни жиловлаш жараёнида фидойи шифокорларнинг инсон саломатлигини ҳимоя қилишдаги ўрни яққол сезилаётир. Айтиш керакки, соғлиқни сақлаш тизимининг мамлакат ривожидаги шундай муҳим ўрни инобатга олиниб, юртимизда кейинги йилларда бу йўналишда узлуксиз ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Охирги уч йил ичида соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида 180 дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинидан тортиб ихтисослашган тиббий хизматгача бўлган тизимда жадал ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бунинг натижасида соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник салоҳияти мустаҳкамланди. Тиббий-профилактика, диагностика ва даволаш борасида улкан ютуқларга эришилмоқда. Санитария-эпидемиология хизматини жаҳон андозалари даражасига кўтариш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасини модернизациялаш бўйича узоқни кўзлаб амалга оширилган ана шундай муҳим ислоҳотлар натижасида бугунги синовли дамларда тиббиётимиз пандемияга қарши курашда муҳим натижаларга эришмоқда. Касалликни аниқлаш ва даволаш ишлари жаҳон андозалари даражасида ташкил этилмоқда. Бугунги кунгача коронавирус инфекцияси билан касалланган ўттиз нафар бемор шифо топиб, тиббий реабилитацияга олинди. Тиббиётимизнинг бу ютуқларини янада мустаҳкамлаш мақсадида хориждан замонавий тест ва ҳимоя воситалари келтирилди. Пойтахтимизда ва Тошкент вилоятида юқумли касалликларни даволаш бўйича замонавий шифохоналар ва карантин ҳудудлари барпо этиляпти. 

Президентимизнинг шу йил 7 апрелда қабул қилинган “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тиббиётимизнинг бу ютуқларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўлидаги муҳим ­қадам бўлди. 

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ ТАҚЧИЛЛИГИ КАМАЯДИ 

Мамлакатимизнинг чекка ҳудуди, айниқса, қишлоқ жойлардаги тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш соғлиқни сақлаш тизимида ечимини кутаётган долзарб вазифалардандир. Мазкур қарорда энди қабул квоталари давлат гранти асосида туман ва шаҳарлар кесимида шакллантирилиши белгилангани айни муддао бўлди. Хусусан, келгуси ўқув йилидан бошлаб бакалавриатнинг қатор йўналиш­ларига қабул ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб амалга оширилади. 

Битирувчиларнинг яшаш бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, қабул квотасида кўрсатилган туман ёки шаҳарда камида 5 йил ишлаш мажбуриятининг киритилгани ва истисно ҳолатлар рўйхати белгилангани кўзбўямачиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бундан ташқари, врачларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун келгуси ўқув йилида бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга қабул параметрлари 50 фоизгача оширилиши кадрларнинг тақчиллигини бартараф этишга имкон яратади. 

МАЛАКА ОШИРИШДАГИ ЯНГИЛИКЛАР 

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил қилиниши тиббиёт ходимларининг касбий маҳоратини оширишга янгича ёндашувдан далолатдир. 

Бундан ташқари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари мавжуд бўлмаган ҳудудлар (Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва Сирдарё вилоятлари)даги ҳудудий кўп тармоқли катталар ва болалар тиббиёт марказларида мазкур марказ филиалларининг очилиши ҳам соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим янгиликлардан биридир.

Аҳамиятли томони, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида 2021 йилги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ҳисобидан халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув-симуляцион марказ ташкил қилинади. 

ЧЕТ ТИЛИНИ БИЛГАН ТАЛАБАЛАР СТИПЕНДИЯСИГА УСТАМА 

Келгуси ўқув йилидан бошлаб ёш кадрларнинг хорижий адабиётлардан кенг фойдаланишини рағбатлантириш мақсадида чет тили (инглиз, немис, француз тиллари)ни билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари стипендиясига (мутахассислик фанларни 3 баҳога ўзлаштирадиганлардан ташқари) Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда устама тўланиши белгиланди. Бугун соҳага оид энг мукаммал адабиётларни чет тилларда топиб фойдаланиш осон ва қулайлиги, тиббиёт ривожланган мамлакат мутахассисларининг аксари, асосан, инглиз, немис, француз тилларида мулоқот олиб боришини эътиборга олсак, бу рағбатлантиришнинг нечоғли оқилона ва ўринли эканини сезиш қийинмас.

Қарорга мувофиқ, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларида клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган мутахассисларга ҳам ҳар ойлик қўшимча устама тўланади. Бу ҳам мусофирликнинг заҳматини тотиб, ўзга юртларда не-не машаққат билан ўқиб-изланган мутахассисларнинг билими ва маҳоратига берилган муносиб баҳо. 

ТИББИЁТ КОЛЛЕЖЛАРИ НЕГИЗИДАГИ ЖАМОАТ САЛОМАТЛИГИ ТЕХНИКУМЛАРИ 

Тиббий хизматни жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш ва инсон саломатлигини асрашда малакали шифокорлар билан бир қаторда маҳоратли ҳамширалар ва ўрта тиббиёт ходимларининг алоҳида ўрни бор. Бугунги кунда шундай ўрта бўғин тиббиёт мутахассислари тиббиёт коллежларида тайёрланмоқда. Келгуси ўқув йилидан бош­лаб мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги 47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил қилинади. 

Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур техникумларни муваффақиятли битирганлар тиббиёт олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз, суҳбат асосида қабул қилиниб, бакалавриатнинг 2-курсидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади. 

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарор айни вақтда тиббиётимизнинг келажагини кўзлаб қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди. Унда белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида тиббиётимиз янада ривожланади. Бу ютуқлар халқимизнинг саломатлигини асраш ва жамият тараққиётини юксалтиришда муҳим қадам бўлади. 

Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech