27 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,9 °C

Малайзиялик журналистга “Олтин қалам” сертификати топширилди

Бугун Элчи Равшан Усманов Куала-Лумпур шаҳрида Малайзиянинг “БЕРНАМА” Миллий ахборот агентлиги халқаро хабарлар бўлими журналисти Набила Бинти Салеҳга тантанали тарзда журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XIV Миллий мукофоти “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” рағбатлантирувчи номинациясининг сертификатини топширди, деб хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“БЕРНАМА” МАА 1967 йилда ташкил этилган ва хорижий ахборот агентликларининг хабарларини тарқатиш борасида мутлақ ҳуқуқга эга Малайзиянинг ягона етакчи ахборот агентлиги ҳисобланади. Агентлик ўзининг “Бернама ТВ” ахборот телеканали ва “Радио24” радиостансиясига эга.

Набила Бинти Салеҳ Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Элчихонаси томонидан экспертлар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этиладиган тадбирларда, “доира столларида” фаол қатнашади. У халқаро форум ва фестивалларда иштирок этиш доирасида бир неча бор Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ўзининг мақолалари орқали ўқувчиларни мамлакатимизда иқтисодиёт, таълим, туризм ва маданият соҳаларида юз бераётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва аёлларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳукумат сиёсати бўйича бажарилаётган ишлар билан таништиради. Набила Бинти Салеҳ Ўзбекистондаги ўзгаришлар мавзусини ижтимоий тармоқлар, жумладан Instagram va Facebook орқали ҳам фаол ёритиб боради.

Маросимдан сўнг малайзиялик журналист миннатдорчилик изҳор этди, бугунги тадбир ва журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XIV Миллий мукофоти тўғрисидаги маълумот Малайзия электрон ва босма ОАВда кенг ёритилишини қайд этди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech