25 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,1 °C

Долзарб
10 Апр  2020 759

Марк Риз Ўзбекистон халқига мурожаат қилди

Aмерикалик олим, AҚШ Ҳарбий-денгиз академиясининг Минтақавий тадқиқотлар маркази собиқ директори, Aбдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарининг инглиз тилига таржимаси муаллифи Марк Риз дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият сабаб, Ўзбекистон халқига мурожаат қилди.

Мурожаатда бундай дейилади:

“Яна апрель ойи келди, бу йил у бир-бирига боғлиқ бўлмаган иккита воқеани бирлаштирмоқда. Биринчиси, 10 апрель — истеъдодли ёзувчи, ўзбек халқининг атоқли фарзанди Aбдулла Қодирий таваллуд топган кун. Адиб ва унинг маслакдошлари асрлар давомида тўпланган, буюк аждодлардан мерос билимларни замонавий давлат қурилишига татбиқ қилишга ҳаракат қилган эди.

Aбдулла Қодирий ўзбек халқи ҳаёти тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўткан кунлар” романи орқали ўз авлоди ва замондошларининг орзу-истакларини ифода эта олган. У орзу қилган давлат бугунги Ўзбекистон эканига ишончим комилдир.

Ёзувчи яшаган даврда Марказий Осиё ўз бошидан мураккаб кунларни кечираётган эди. Адиб ва унинг замондошлари ўтган асрнинг энг оғир зарбаларини қабул қилган.

Бу йилги апрель ойига қайтар эканмиз, коронавирус пандемияси бутун сайёрамизни қамраб олиб, халқаро ҳамжамиятга таҳдид солаётганини кузатмоқдамиз.

Шу ўринда, турмуш ўртоғимнинг аждодлари ўз юртини ташлаб, Марказий Осиёга қочиб кетишга мажбур бўлгани ва Тошкентнинг эски шаҳридан паноҳ топганини эсладим. Қайнонам ҳар доим ўзбек халқининг меҳрибонлиги ва бағрикенглиги унинг оиласи ҳаётини сақлаб қолганини кўз ёшлар билан сўзлаб беради. Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳар доим сахий ва кўнгилчан инсонлар мамлакати сифатида танилган ва узоқ тарих давомида одамлар бу ерга савдо-сотиқ қилиш учун келган, оғир дамларда эса паноҳ излаб интилган.

Мустақиллик қўлга киритилганидан сўнг Ўзбекистон оёққа турди ва ўз давлатчилигини мустаҳкамлади. Шу ўринда “Турли қийинчиликларга қарамай, қандай қилиб бу натижаларга эришилди?”, деган савол туғилади. Мен бу кўп жиҳатдан буюк ўзбек халқининг “одоб” деб аталмиш хушмуомалалик анъаналари билан чамбарчас боғлиқлигига ишонаман.

Қўқондаги мактаблардан бирида инглиз тили ўқитувчиси сифатида ишлаган кезларим “одоб” тушунчаси нима эканини чуқур англаб етдим. Бу шаҳарда сиз кўчадан шунчаки ўтиб кетолмайсиз, чунки кимдир сизни бир пиёла иссиқ чойи ва нонини баҳам кўриш учун албатта ­чорлайди. Олмосхон, Иброҳимжон, Сафаржон, Галина, Виктор, Ҳакимжон исмли дўстларим ва уларнинг оила аъзолари менга одоб анъаналаридан сабоқ берувчи чинакам устозлар эди. Улар мени ўзининг яқин кишисидек ҳамиша меҳмон қилишар ва ғамхўрлик кўрсатишарди.

Мен инглиз тилидан дарс берган мактаблар ўқувчилари каминани ўз акасидек қабул қиларди. Афсуски, кўп йиллар давомида улар билан кўриша олганим йўқ. Аммо Aмерика Қўшма Штатларида атрофдагилар билан беихтиёр ўнг қўлимни кўксимга қўйиб сўрашар эканман, улар менинг қалбимда эканини ҳис қиламан. Ғарбликлар менинг ҳаракатларим аҳамиятини ҳамиша ҳам тушунавермайди, лекин ўзим буни яхши англайман ва бу жуда муҳимдир.

Ўзбекона одоб мени синовли кунлар, катта қийинчилик ва йўқотишларда хушмуомалалик энг муҳим фазилат эканига ўргатди. Бу қодир Тангрининг Ўзи бизни тўғри йўлга йўналтиришини англатади.

Aбдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романининг дастлабки саҳифалариданоқ, Отабек ва Кумуш образлари мисолида ҳар бир эркак ва аёлнинг фазилатлари қандай бўлиши кераклигини ифодалаган. Қодирий бизга бу омонат дунёда туғилар эканмиз, ҳар биримизнинг коинотдаги ўрнимиз ҳақида эслатади. Одоб эса ёруғ дунёни кўрган дастлабки сониялардан бошлаб мавжудлигимизнинг ажралмас қисми бўлиши керак.

Aзиз дўстлар, биз барча синов ва қийинчиликларга қарамасдан, шу кунларда Aбдулла Қодирий таваллуд топган кун ва унинг гўзал романлари яратилишини нишонлаш арафасида турибмиз. Адабиёт ушбу мушкул дамларда биз учун энг катта тасалли берувчи куч бўлишига ­шубҳа йўқ”.

“Дунё” АА.
Вашингтон

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech