19 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,8 °C

Хавфсизлик
4 Сен  2019 917

Туркияда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, шу кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳуқуқий тартиб ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ана шу мақсадда шаҳарда ноқонуний юрган хорижий фуқароларни аниқлаш ва уларни мамлакатдан чиқариб юбориш борасида транспорт воситаларида, иш ва яшаш ҳамда жамоат жойларида мунтазам текширувлар олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан хорижий фуқароларга қўйилган талаблар ва зарур меъёрий ҳужжатларни ўрганиш ва ватандошларимизни ҳуқуқбузар ҳолатига тушиб қолишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси шаҳар Хавфсизлик бошқармаси ва миграция хизмати раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

Турк мутахассисларининг таъкидлашича, аксар хорижий фуқаролар Туркияда яшаш ҳуқуқини берувчи (икамт изни) ва ишлашга рухсат берувчи (çалиşма изни) ҳужжатлар фарқини билмайди.

Қонунга мувофиқ яшаш ҳуқуқини берувчи (икамет изни) ҳужжатга эга чет эл фуқаролари Туркия ҳудудида ишлашни истасалар, албатта, қўшимча ишлашга рухсат берувчи (çалиşма изни) ҳужжатларга ҳам эга бўлишлари шарт. Акс ҳолда, улар қонунни бузган ҳисобланади ва уларга нисбатан чоралар кўрилади.

Маълумки, 2018 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Туркия Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Туркия ҳудудида 90 кун давомида визасиз юришга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Бу муддат Туркияда ишлаш мақсадида келган хорижий фуқароларга яшаш ҳуқуқи (икамет изни) ва ишлашга рухсат берувчи (çалиşма изни) ҳужжатларни расмийлаштириш учун етарли муддат ҳисобланади.

Бундан ташқари Туркиянинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарида турк иш берувчилари билан икки томонлама шартномалар тузиш орқали Туркияга келишидан олдин ҳам ишлаш ҳуқуқини берувчи (çалиşма изни) ҳужжатларини расмийлаштириш имконияти мавжуд. Бу эса, ишлашга келмоқчи бўлган фуқароларнинг ишини сезиларли даражада осонлаштиради.

Шу муносабат билан Бош консулхона Туркияда бўлиб турган ёки у ерга бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларини барча керакли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришга ва мамлакатда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилишга чақиради.

Элчихона ва Бош консулхона Туркияда бўлиб турган фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech