27 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,6 °C

Суҳбат
23 Апр  2020 741

Мубин Мирзаев: «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати — тадбиркорларни саховатга мажбурлаш эмас

Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев карантин даврида жисмоний ва юридик шахсларни қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилаётганлар ишлар юзасидан интервью берди. Хусусан, у Президент Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатидан кўзланган мақсад ҳақида гапириб, карантин даврида ҳам солиқларни ўз вақтида тўлаб келаётган солиқ тўловчиларга миннатдорлик билдирди.

— Пандемия сабаб кўплаб ривожланган мамлакатларда рецессия бошланган. Шу шароитда Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитини сақлаб қолиш, саноат ишлаб чиқариши, иқтисодий қувватлар фаолияти бир маромда давом этиши учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу айнан нималарда намоён бўлмоқда?

— Ҳозирги пандемия сабаб юзага келган инқироз дунёда шу вақтгача юз берган молиявий-иқтисодий инқирозлардан нимаси билан фарқ қилади, деган савол туғилиши табиий. Аввалги инқирозлар одатда бир томон — талаб ёки таклифдан бири муаммоларга учраши оқибатида юз берган бўлса, жорий инқироз иқтисодиётга икки томонлама — ҳам талаб, ҳам таклиф нуқтаи назаридан таъсир қилаётгани билан ажралиб турибди. Дунёда кузатилаётган инқирозли ҳолат Ўзбекистон иқтисодиёти кўрсаткичларининг пасайишига ҳам сабаб бўлмоқда ва пандемиянинг салбий таъсири айниқса иккинчи чоракда янада яққолроқ юзага чиқиши мумкин.

Шунга қарамай, Президентимиз томонидан белгиланган аниқ чора-тадбирлар самараси ўлароқ 2020 йилнинг биринчи чорагида давлат бюджетига 24 триллион сўм миқдордаги солиқлар ундирилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлар ижроси тўлиқ таъминланди. Солиқ тўловчиларимиз ҳолатни тўғри қабул қилиб, солиқ тўлаш мажбуриятини ўз вақтида бажармоқда. 21 апрель ҳолатига кўра, барча солиқ тўловчилар томонидан апрель ойида белгиланган солиқ тушумларининг 70 фоиздан ортиғи бажарилган ва, ўйлаймизки, апрель ойи учун солиқ мажбуриятлари ҳам тўлиқ бажарилади.

— Карантин даврида озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар нархи ошиб кетишига йўл қўймаслик қандай чоралар кўрилмоқда?

— Республика махсус комиссияси қарори билан Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент зиммасига карантин даврида зарурий озиқ-овқат ҳамда тиббиёт маҳсулотлари нархи асоссиз ўсиб кетиши устидан қатъий назорат ўрнатиш юклатилган. ДСҚ ва унинг ҳудудий бошқармаларида ушбу йўналишда иш олиб борувчи штаблар тузилган бўлиб, 30 мингдан ортиқ чакана савдо тармоқларида нарх-наво барқарорлигини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга ошириб борилмоқда.

Бунда онлайн назорат-касса машиналари ҳамда электрон ҳисоб-фактуралар мониторинги юритилмоқда. Фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва уларга зудлик билан муносабат билдириш мақсадида ишонч телефонлари ва call-марказ операторлари сони оширилган. Деҳқон бозорларида асосий турдаги 11 та озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотларининг нарх-навоси доимий мониторинг қилиниб, бозор ва савдо марказларидан узоқ бўлган маҳаллалар ва олис қишлоқларда ярмаркалар ташкил қилинмоқда.

— Пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини таъминлаш, иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ўзбекистонда карантин тартиби эълон қилинган кундан бугунга қадар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари ва преференсиялар бериш бўйича Президентнинг иккита фармони қабул қилинди. Бу икки ҳужжатда аҳоли ва бизнеснинг деярли барча қатламлари қамраб олинган.

19 март куни қабул қилинган илк фармон билан солиқ тўловлари бўйича енгилликлар бериш ҳақида 11 та меъёр белгиланди. Учта меъёр жисмоний шахсларга тааллуқли бўлса, саккизтаси тадбиркорларга тегишли. 3 апрелдаги иккинчи фармон билан бевосита солиқ имтиёзи ва енгилликлар билан боғлиқ бўлган яна 12 та норма киритилди.

— Буни аниқ тоифалар мисолида чуқурроқ таҳлил қилиш мумкинми? Масалан, айни шароитда аҳоли, яъни жисмоний шахслар учун қандай енгиллик ва имкониятлар кўзда тутилган?

— Аҳолининг мавжуд маблағларини тежаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида биринчи галда давлат олдидаги харажатлар билан боғлиқ мажбуриятларини бажариш муддатлари узайтирилди. Хусусан, 19 мартдаги фармонга асосан 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар этиб белгиланди. Жисмоний шахсларга мол-мулк ва ер солиқларини 2020 йил 15 октябрга қадар тўлаш ҳуқуқи берилди. Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ)лар учун ижтимоий солиқнинг ойлик суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига пасайтирилди. 

Шунингдек, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган ЯТТлар учун қатъий белгиланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблашни тўхтатиш белгиланди. Бунда, фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилиши ва давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани топшириш талаб этилмаслиги қайд этилди. ДСҚ томонидан my.soliq.uz сайтида ЯТТнинг шахсий кабинети орқали солиқлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги хабарномани солиқ органига юбориш хизмати яратилди.

Карантин даврида қарзи бор ЯТТларнинг реализация ҳажми 50 фоиздан кўпга камайиб кетса, ушбу солиқни 1 октябрга қадар кечиктириши ва кейинчалик 12 ойга бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин бўлди. Бугунги кунда фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган 198 мингта ЯТТ ушбу имтиёздан фойдаланмоқда. Уларга 541 миллиард сўмлик даромад солиғининг қатъий суммаси ва ижтимоий солиқ суммалари ҳисобланиши тўхтатилган.

— Солиқ тўловларидан бўйин товлаш, хуфёна иқтисодиёт тарафдорлари кам эмас. Аммо жорий этилаётган чоралар уларнинг аксариятини ўз фаолиятини қонунийлаштириш, инсофли солиқ тўловчига айланишга ундаши мумкин, шундай эмасми?

— Тўғри, солиқ маъмуриятчилигини амалга оширишда энг асосий мезон бу — солиқ тўловчиларнинг солиқ хизмати органларига бўлган ишончидир. Биз солиқ тўловчиларнинг муаммоларини эшитиб, ушбу муаммоларни ечишга ҳаракат қиляпмиз. Давлат солиқ органи олдинги каби солиқ тўловчиларни текширадиган эмас, балки улар билан ҳамжиҳатликда ишлаб, уларга маслаҳат берувчи орган бўлди, десам муболаға бўлмас.

Ўз вақтида берилган тўғри маслаҳат солиқ мажбуриятларнинг вақтида ва тўлиқ ҳажмда бюджетга йўналтирилишига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, пандемия даврида пластик карточкалар орқали ҳисоб-китобларнинг кенг жорий этилиши натижасида 21 апрель ҳолатига кўра солиқ тўловчиларимиз томонидан тўланган айланмадан олинадиган солиқнинг кўрсаткичи 82—83 фоизни ташкил этмоқда.

Яъни, апрелда кўплаб хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти тўхтаб қолганига қарамай, ушбу солиқ тури бўйича тушумлар ўтган январь, февраль, март ойларидаги кўрсаткичга нисбатан кўпроқ. Бунга солиқ тўловчилар ҳозирги ҳолатни тўғри қабул қилгани, маблағларни тўлиқ ҳисоботларда акс эттиргани сабаб бўлмоқда.

Бунинг учун биз албатта солиқ тўловчилардан миннатдормиз.

— Ушбу инқироз ишбай, кунбай ҳақ олувчилар, хусусан, шахсий автомобилида йўловчи ташиб даромад топадиганларга айниқса оғир келди. Нима деб ўйлайсиз, ижтимоий кўмак нуқтаи назаридан уларга нисбатан ёндашув принципларини ўзгартириш вақти келмадимикин?

— Коронавирус пандемияси қонуний фаолият юритаётган юридик ва жисмоний шахслар қонуний жиҳатдан ҳар томонлама муҳофаза қилинганлиги, норасмий фаолият юритаётган жисмоний шахслар эса оғир аҳволга тушиб қолишлари мумкинлигини кўрсатиб қўйди.

Санаб ўтилган ёрдамга муҳтож қатламлар масаласини ечиш олдимиздаги долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ушбу масалани ечишга тайёр кўплаб саховатпеша тадбиркорларимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятини тиклаш бўйича айрим ташкилий масалаларни ҳал этиш юзасидан солиқ органларига мурожаатлар тушмоқда.

Бу мурожаатларнинг аксарияти тадбиркорларга ўз транспортларида ҳаракатланиш имкониятини тақдим этиш ва ходимларини ишга қатнашишини таъминлашдан иборат. Бу масалаларни тезкорлик билан ечиш юзасидан, ДСҚнинг тегишли таклифларидан келиб чиқиб, Президентимиз томонларидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

— «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати, унинг доирасида тадбиркорларга таклиф этилаётган шароитлар ҳақида нима дея оласиз?

— «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини тўғри қабул қилишимиз керак. Бу тадбиркорларни саховатга мажбурлаш эмас, балки уларнинг кўмак ишларида ихтиёрий иштирок этишларини таъминлаш мақсадида давлат томонидан зарур шарт-шароитларни яратиш ҳаракатидир.

Биринчидан, ушбу ҳаракатга қўшилган тадбиркорлик субъектларининг 1 апрель ҳолатига солиқ қарздорлиги автоматик равишда 1 октябрга қадар узайтириш ва уларга пеня ва жарималар қўлламаслик тартибларини жорий этиш;

Иккинчидан, ташқи савдо операциялари билан шуғулланган, яъни экспорт ва импортдан муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорлиги мавжуд корхоналарга нисбатан солиқ органлари томонидан жарималар қўлламаслик;

Учинчидан, 1 апрель ҳолатига кўра банк кредитларидан, лизингдан ва бошқа молиявий мажбурияти бўлган тадбиркорлик субъектлари қарздорлигининг асосий ва фоиз суммаси графиги автоматик равишда 1 октябргача, яъни олти ойга узайтириш каби имтиёз ва преференсиялар бериш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорларимизнинг вақтинча ишсиз бўлган меҳнатга лаёқатлиларни ўз касбига қараб ишга жалб қилиш ва уларга иш ҳақи бериш каби таклифлари ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда ушбу йўналишда қўшимча равишда имтиёз ва преференсиялар бериш назарда тутилмоқда.

Бундай шароитларнинг яратилиши тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Пандемия даврида кўмакка муҳтож аҳолига вақтинча маблағ бериш билан чекланиб қолмай, балки уларни доимий даромад келтириш манбаси билан таъминлаш зарур. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишда самара беради.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech