02 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,5 °C

Мамлакатимизда
29 Фев  2020 392

Мўъжизавий яратиқ

Бу ёруғ оламда инсон ақл-идроки ва ижодкорлигининг маҳсули бўлган буюк кашфиётлар беҳисоб. Ана шулар орасида бир мўъжизавий яратиқ борки, у башариятнинг энг бебаҳо бойлиги, мислсиз хазинаси. Бу, шубҳасиз, китобдир.

Ёшларни китобга, китобхонликка қайтариш керак. Китобсиз келажакка, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди.
                                                                                                                                            Шавкат Мирзиёев

 

Мазкур хазинанинг калити қўл етмас жойга илинган эмас, унинг калити ─ мутолаа. Фақат китоб ўқишга хоҳиш бўлса бас. Китоб ўқигувчини тариху афсоналар, гўзал туйғулар ва ажойиботлар оламига етаклайди. Айниқса, бадиий китоблар кишини юксак қалб соҳибига айлантиради. Бадиий китоб мутолааси давомида китобхон асар қаҳрамонларининг ҳаётида яшайди, уларнинг хушнуд дамларида қувонади, ташвишларга йўлиқишса, ўйга толади. Буни мутолаа завқи, дейдилар. Аллома адиб Абдулла Қодирий “Ёзғувчиларимизга” номли мақоласида: “Сўз қолип, фикр унинг ичига қўйилган ғишт бўлсин”,—  дейди. Шу ақидага амал қилиб ёзилган асарлардаги ҳеч бир эпизод китобхонни беэътибор қолдирмайди. Бунинг исботи - “Ўткан кунлар” романидаги Кумишбиби ўлган саҳнада китобхон ўзини йиғидан тўхтата олмайди. Бу эпизоднинг ўзи йиғлаб ёзилган аслида.  

Яхши китоблар ёлғизликда дўст, қайғули онларда мададкор, бахтиёр дақиқаларда раҳбар. У китобхон қалбида инсоний фазилатларни, эзгу истакларни шакллантириб, яхши хулқ ва одоб соҳиби қилади. Бинобарин, кўп китоб ўқийдиган халқнинг ҳам эртаси порлоқдир. Китоб нафақат бир инсоннинг, балки бутун бир жамиятнинг маънавий оламига бамисоли офтоб янглиғ нур сочиб туришга қодир. Бу офтобдан таралаётган ёруғлик маърифатдан туғилган. Юксак маънавиятли, кучли ирода ва ҳаётий позицияга эга, билимли ва заковатли ёшлар ҳам китобхон жамиятда вояга етади. Бугун юртимизда китобга, мутолаа маданиятига улкан эътибор қаратилиб, кўп китоб ўқиётган ёшларнинг қадрланаётгани, ҳатто хос танловларда автомобиль билан тақдирланаётгани китобхон ва илмли ёшлар сонини тобора кўпайтирмоқда. Зотан, яхши китоби ва китобхонлари кўп  бўлган давлатни ҳеч қандай куч енга  олмайди!

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech