14 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,3 °C

Ижтимоий ҳаёт
30 Июл  2019 743

Намунали оилалар кўпаяверсин…

ёхуд буюкликка интилган оила

Ҳуқуқий демократик давлатни шакллантиришда оиланинг ўрни беқиёс. Чунки унинг зиммасига баркамол авлодни тарбиялаш ва миллий қадриятларимизни авлоддан-авлодга етказишдек маъсулиятли вазифа юкланган. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 14-боби ҳам тўлиқ оилага бағишланган, шунингдек, 1998 йилда қабул қилинган Оила Кодексида юртимизда оиланинг ҳуқуқий мақоми ҳар томонлама мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ республика миқёсида белгиланган чора-тадбирлар юзасидан улкан ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Оила институтини мустаҳкамлаш, «Соғлом оила - соғлом жамият» концептуал ғоясини ҳаётга тадбиқ этиб, давлат сиёсатини амалга ошириш, оилалар репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, юртимиз фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, оилалардаги ички муносабатларни яхшилаш, ёшларни ҳаётга тайёрлаш, ажримларнинг олдини олиш мақсадида «Энг намунали оила» кўрик-танлови ўтказилди.

Ўзбекистон миқёсида ўтказилган ушбу кўрик-танловда қорақалпоғистонлик Рустем Айбергеновлар оиласи ҳам иштирок этиб, бош совринни қўлга киритди. Қуйида ушбу намунали оиланинг қўлга киритган ютуқлари, ҳаёт тарзи ҳақида сўз юритамиз.

Спорт ва мусиқа

Оила бошлиғидан бошласак. Рустем Айбергенов Нукус шаҳрида туғилиб-ўсди. Мактаб давридаёқ спортга жуда қизиқди ва ана шу қизиқиши уни дзюдо секциясига етаклади. Эринмай, кўп машқ қилди, қатор мусобақаларда ғолиб бўлди ҳам. Қаҳрамонимиз шунингдек, мусиқа мактабида аккордеон, ғижжак, гитара созларида чалишни, ашула айтишни ҳам ўрганган.

Мактабни тамомлагач, Алматидаги Энергетика институтининг электромеханика факультетига ўқишга кирди. Ҳарий хизматдан сўнг оиласи бағрига қайтди. Онаси бетоб бўлгани сабабли Энергетика институтидаги ўқишни ташлашига тўғри келди.

Лекин, чекинмади ва юриспруденция йўналиши бўйича тайёргарлик кўра бошлади. Фаолиятини 1990 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида котиб-машинист лавозимидан бошлаган. Вазирлик ҳузурида ташкил этилган «Динамо» спорт клубининг доимий аъзосига айланди, кўплаб шогирдлар тайёрлади.

У ёшлар ўртасида қизиқиш жуда катта бўлган культуризмнинг республикамизга кириб келишига (1990-1992 йиллар) ҳисса қўшди. Рустем Айбергеновнинг тушунтиришича, культуризм (французча culturisme — тана маданияти) ёки бодибилдинг (инглизча body — тана и building — қурилиш)  бу - мушакларни ривожлантиришда, инсонда чиройли қомат шаклланишида, саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Бугун залда тананинг барча  мушакларини ривожлантиришга ёрдам берувчи тренажёрлар кўп.

Ундаги салоҳият ва ишчанлик кўзга ташланиб, 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона бошқармасига ишга таклиф этилди. Божхона бошқармасида ишлаш билан бирга 1997 йилда Қозоғистонда юридик соҳа бўйича университетни тамомлади.

Хорижий давлатлар билан экспорт-импорт фаолиятини юритаётган «Элите» қўшма корхонасида маслаҳатчи-юрист бўлиб ишлади. Кейинчалик корхона директорига айланди. «Баъзан жуда қийин бўларди, чунки ўша вақтларда тадбиркорларга бугунгидай имкониятлар йўқ эди», эслайди ўзи.

2003 йилда «Қорақалпоқэлектртармоқлари» ОАЖга маслаҳатчи-юрист бўлиб ишга кирди. У ерда электр энергияси тўловлари билан боғлиқ анча қарздорликлар йиғилиб қолган экан. Хуллас, аҳолининг қарзларни қоплаши борасида ишлашига тўғри келди ва улар секин-аста ёпилиб, камая бошлади.

2009 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган «Ўзбекистонда ҳакамлик судясининг энг асосий ҳал қилиниши лозим масалалари бизнес медиациясига кириш» мавзусидаги семинарда иштирок этди.

«Семинар якунида менга Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги арбитраж Ҳакамлик судьяси деган ҳужжат берилди. Шу йили Словакиянинг Братислава шаҳрида Халқаро арбитраж судьяларини тайёрлаш бўйича ўтказилган семинарда иштирок этдим. Семинар якунида Халқаро Ҳакамлик судьяси сертификати топширилди. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон филиали ҳузуридаги Ҳакамлик судьяси бўлиб ишлаш насиб этди. Турмуш ўртоғим Дилбархон Тўремуратова билан икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, вояга етказдик. Улар ўзлари истаган мутахассислик бўйича Қорақалпоғистон давлат университетида таълим олишмоқда», – дейди Р. Айбергенов.

Ҳар нимага бир нима сабаб...

«Ўзим спортни, бадиий китоб мутолаасини яхши кўраман. Мактабдаёқ шифокор бўлишни орзу қилардим, – дейди Дилбархон. Нукус шаҳридаги 1-тиббиёт билим юртининг умумий ҳамширалик бўлимида ўқишни тамомлагач, йўлланма асосида шаҳарнинг 4-сон поликлиникасига ишга келдим».

Рустем билан танишуви ўзига хос тарзда кечган.

«Хонамда беъморларнинг карталарини тўлдириб ўтиргандим. Бир йигит кириб келиб, шифокорни сўради, – ҳикоя қилади Д.Тўремуратова. – Унга ҳозир келишини айтдим ва қандай масалада келганига қизиқдим. Тиббий кўрикдан ўтиши керак экан. Кўзлари кулиб турувчи, феъл-атвори очиққина... Ҳар нимага бир нима сабаб, деганларидек, бир-биримизга кўнгилларимиз яқин келиб, турмуш қурдик».

Оддийгина танишув, аммо ўзига хослиги ҳам бор гап. Дастлаб, тўнғич фарзанд Айнура, сўнг бирин-кетин Айдос, Бахтиярлар туғилган. Турмуш ўртоғи билан фарзандларини бирга тарбиялашди. Дастлаб, боғчада ҳар хил тўгаракларга беришди, сўнг уччаласиниям мусиқа мактабида ўқитишди. Бундан ташқари, фарзандлари инглиз тилини ҳам параллель равишда ўрганишди, кечки пайтлари каратэ, айкидо билан шуғулланишга боришарди. Улғайишгач, олий ўқув юртларига киришди. Хуллас, бор эътибор уларнинг саломатлиги, яхши билим ва тарбия олишига қаратилди.

Шунингдек, Дилбархон Нукус шаҳридаги 50-сон «Берекет» МФЙда хотин-қизларни яраштириш комиссияси аъзоси ҳам. Ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида, тўй-маросимларда исрофгарчиликга йўл қўймаслик, ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олишда бор куч ва тажрибасини ишга солмоқда.

«2018 йилда Ўзбекистон миқёсида ўтказилган «Энг намунали оила» кўрик-танловида биринчи ўрин бизнинг оилага насиб қилди, – дейди у. – Фарзандларимиз бор иқтидори ва маҳоратини намойиш этишди. Мусобақа регламенти бўйича қўйилган шартлардан бири - оила аъзолари иштирокидаги спектакль ҳам жуда яхши чиқди. Уни саҳналаштиришда яқиндан ёрдам берган Қалли Айимбетов номидаги мусиқа мактаби актрисаси Гулсара Жуманиязова, Женисгул Нурғалиева, рассом Қурал Айтмуратов, режиссёр Бекмуҳаммед Абдуллаевлардан чексиз миннатдормиз. Айниқса, ҳомийлик ёрдами кўрсатган шаҳар ҳокими Парахат Турешовга, Нукус шаҳар Хотин-қизлар қўмитасига, «Берекет» МФЙга қанча ташаккурлар айтсанг, оз. Яна бир гап, бировга панд-насиҳат қилишдан олдин ўзингнинг ҳам оиланг намунали бўлиши керак экан. Шундагина маслаҳатларингга амал қилишади».

Жонкуярлик ва улкан шижоат билан...

Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами муносабати билан Қорақалпоғистон  Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшган салмоқли ҳиссаси, жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Рустем Айбергенов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Фахрий ёрлиги билан мукофотланди.

«Ушбу мукофот янада яхши ишлаб, халқимизга фидокорона хизмат қилишга куч-қувват бағишлади, – дейди Рустем Айбергенов. – 2009 йилда республикада айкидони ривожлантириш ва оммалаштиришга қўшган ҳиссам учун Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлигининг 1-даражали дипломи билан тақдирландим».

2011 йилда раҳбарлар топшириғи билан Тахиатош шаҳрида янги очилган «Тахиатош интер сервис» корхонасига раҳбарлик қилди. Орадан икки йил ўтиб, Қорақалпоғистон Республикаси Фермерлар Кенгашида ҳуқуқий масалалар бўйича бош мутахассис бўлиб фаолият юритди.

Кейин Хитойнинг «Зелёная растения извлечь» МЧЖда ҳуқуқий масалалар бўйича бош мутахассис бўлиб ишлай бошлади. Янги корхонага бир ярим миллион доллар инвестиция киритилиб, қизилмия томирини қайта ишлайдиган завод ускуналарини олиб келинди. Инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, божхона ишлари, ички ишлар бўлимидан рўйхатдан ўтиш, штатлар жадвалини керакли мутахассислар билан тўлдириш, турли шартномалар тузиш, уларга тегишли хулоса чиқариш билан шуғулланди. Хуллас, қаерда фаолият олиб бормасин, жонкуярлик ва улкан шижоат билан ишлади...

Баҳамжиҳат иш - самарали

2017 йилдан буён «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси филиалида юрист-маслаҳатчи бўлиб ишламоқда. «Камчиликсиз иш бўлмайди. Лекин хато-камчиликларни вақтида бартараф этиб, олға интилиш лозим. Аммо у баҳамжиҳат қилинсагина, самара беради», – дейди Р.Айбергеновнинг ўзи.

Бир сўз билан айтганда, «Энг намунали оила», деган ном осонгина қўлга киритилмаган, албатта. Унинг ортида тинимсиз ҳаракатлар, изланишлар, улкан маъсулият, ташкилотчилик, иқтидорни юзага чиқариш борасидаги машаққатлар ётади.

Кенгесбай СЕЙДАНОВ,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.  

Расмда: Рустем Айбергеновлар оиласидан лавҳалар.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech