25 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,6 °C

Мамлакатимизда
8 Апр  2020 718

Нарх-навони сунъий оширишнинг пайи қирқилди

Солиқ идорасига Наманган шаҳридаги «Сардоба» бозорида картошканинг нархи 5 минг сўмдан ошиқ нархда сотилаётгани тўғрисида шикоят келиб тушди. Ва бу асосли мурожаат вилоят солиқ хизмати органи ходимлари томонидан назоратга олиб ўрганилиб, жойида қаноатлантирилди. Бугунги кунда вилоят прокуратураси, вилоят солиқ бошқармаси ҳамкорлигида бозорлар, савдо комплексларида қишлоқ хўжалиги ва истеъмол маҳсулотларининг нарх-навоси барқарорлигини таъминлаш юзасидан профилактик ишлар олиб борилмоқда. Бу борада тузилган ишчи гуруҳга ҳудудий давлат солиқ инспекцияларидан 390 нафар ходим бириктирилди.

— Вилоят прокуратураси ва вилоят солиқ бошқармаси ҳамкорлигида 14 та деҳқон бозори қошида кўчма савдо ярмаркалари, кўчма савдо шахобчалари ташкил этилди, — дейди  Бош пркуратура ҳузуридаги Наманган вилояти иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаманти бошқармасининг бўлим бошлиғи Асқаржон Маматов. — Мазкур  савдо шахобчалари аҳоли яшаш жойлари, шу жумладан, ҳар бир маҳалла ва кўп қаватли уйлар атрофида ҳам ташкиллаштирилган.

Карантин шароитида қийналаётган, рўзғорда етишмовчилик сезилаётган Наманган шаҳар аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун «Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази» ишга туширилди. Вилоят аҳлини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда арзон нархларда маҳсулотларни сотилишига шароитлар яратилмоқда.

Қатъий тартиб ва интизом белгиланган шундай пайтларда нафси хакалак отган айрим савдогарларни таноби ҳам тортиб қўйилди. Вилоят солиқ идораси ходимларининг кунлик олиб бораётган назорат ишларида бозор ҳамда савдо мажмуаларидаги 66 нафар фуқаро давлат рўйхатидан ўтмай, ноқонуний фаолият кўрсатиш баробарида қишлоқ хўжалиги, истеъмол товарлари, зарурий тиббий буюмларнинг нархини сунъий равишда ошириб сотаётгани аниқланди.

— Ушбу ҳолатлар бўйича далолатнома расмийлаштирилди, — дейди

вилоят солиқ бошқармаси ходими Исмоилжон Аҳмедов. — Шунингдек, далилий ашё сифатида жами 135 миллион сўмлик маҳсулотлар иш суд томонидан қонуний кўриб чиқилгунга қадар вақтинча сақлашга олинди.

Бош прокуратура тасарруфидаги департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси ва давлат солиқ инспекцияси ходимлари иштирокидаги тезкор тадбирлар натижасида эса 13 та қонунбузилиши ишлари ўрганилиб, ҳуқуқбузарлардан 13 миллион 236 минг сўм миқдордаги товарлар олиб қўйилди. Маҳсулот нархларини манипуляция қилган ушбу шахслар тегишли тартибда жазоланди.

Олиб борилаётган назорат тадбирлари бировни ранжитиш ёки бурнини қонатиш эмас, аксинча диёнатга чақириш. Эл бошида синовли кунлар турганда халқ учун хизмат этиш ўрнига ўз нафсининг сўзига кириб тўрт сўм кўпроқ даромад қилишга чоғланганларни ҳовридан тушириб қўйишдир, асли.

Улуғбек Рўзиматов,
Наманган вилояти.   

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech