26 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,7 °C

Суҳбат
17 Дек  2018 841

Кимга кўпроқ оғир: аёлгами ё эркакка?

Оилаларнинг ажралиб кетиши – жамият учун офатдир. Сўнгги йилларда ажрашиш учун ариза топшираётган жуфтликлар сони тобора кўпаймоқда. Сабаблар ҳам турлича: оддий ҳаётий эътирозлардан тортиб, хиёнату зўравонликларгача... Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2018 йилнинг январидан сентябрь ойига қадар мамлакатимиз ФҲДЁ бўлимларида 23,8 минг ажралиш қайд этилган. Давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, муаммоли жуфтликларга психологик ёрдам кўрсатиш барибир муҳимлиги ва долзарблигича қолмоқда. Бу масала борасида аҳолининг саводхонлиги ҳам кўнгилдагидек эмаслиги бор гап. Никоҳни қандай сақлаб қолиш ва оила қуришда хатога йўл қўймаслик ҳақида оила психологи Диана Павловичева қуйидагиларни сўзлайди:

- Ажрашиб кетиш муаммоси бугун глобаллашган. Масалан, АҚШда тузилган никоҳларнинг 60 фоизи ажрашиш билан якун топмоқда. Европа мамлакатларида ҳам шундай манзара. Фақат Шарқ мамлакатларидагина бу кўрсаткич паст.

Оилавий муносабатларни йўлга қўйиш – бу эр-хотиндан мунтазам ривожланиш ва ўсишни, ўз устида ишлашни талаб этади. Оила ришталарини бизнесга ҳам қиёслаш мумкин: қанча кўп берсангиз, шунча кўп даромад оласиз. Эр-хотинга ҳеч нима ўзаро бир-бирини тушуниш, ҳурмат қилиш, қўллаб-қувватлашдек кучли таъсир кўрсата олмайди. Бу бир қарашда кўп чайналган, сийқаси чиққан гапдек кўринадиган гаплар бизни том маънода бахтли қила олади аслида. Бир нарсани унутмаслик керак, ажралиш икки кишининг эмас, балки улар ўртасидаги фарзандлар, ота-она, қариндош-уруғ, эр-хотиннинг дўстлари, яқинларининг ҳам муаммосидир.

- Ота-онасининг ажрашиши фарзанд руҳиятига қандай таъсир кўрсатади?

- Сир эмас, ҳар бир фарзанд тўлақонли оилада ўсиб-улғайишга муҳтожлик сезади. Агар ота-онаси муносабатларини узишга қарор қилган бўлса, бундай оила уларга зарар келтиради, холос. Ота-онали, идеал ва тотув ҳаёт тарзи эса, камдан-кам учрайди. Мабодо эр-хотиннинг ажрашишдан ўзга йўли қолмаган бўлса, улар фарзандга стресс етказмай, ўзаро дўстлик муносабатини сақлаган ҳолда тинч йўл билан ажрашишни расмийлаштириши лозим. Эр-хотин ажрашгандан сўнг ҳам ўртада ришта барибир қолишини унутмаслик лозим - бу фарзандлардир!

- Ажрашишнинг олдини олиш мумкинми?

- Бу масалага кенг миқёсда қараш керак. Афсуски, муносабатларни қандай  йўлга қўйиш лозимлигини бизга ҳеч ким ўргатмайди. Бу масалада тушунчаларнинг йўқлиги ҳам панд беради. Бироқ вазиятни ўнглаш учун дастлабки қадамлар ташлана бошлади ҳам. Масалан, яқинда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорликда пойтахтимиздаги ФҲДЁ бўлимларидан бирида «Бўлажак келин-куёвлар инновацион мактаби»ни ташкил этишди. Унда бўлажак келин-куёвларни ўқитиш, индивидуал маслаҳатлар бериш ва турли тренинглар ўтказишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Ажойиб ташаббус. Негаки, эркак ва аёллар ҳам бир-бирининг психологияси ҳақида ҳеч нима билмайди. Табиат бизни шундай, ҳар хил қилиб яратган, ҳаракатларимиз, фикрлашимиз ва юриш-туришимиз ҳам фарқ қилади. Кўпгина хорижий мамлакатларнинг мактаб ва ОТМларида ёшларни оилавий муносабатни тўғри йўлга қўйишни ўргатадиган махсус курслар ўқув дастурига киритилган. Бундан ташқари, никоҳдан ўтишдан олдин психолог амалиётидан ўтиш шартлиги белгилаб қўйилган, йўқса, ёшлар никоҳдан ўта олишмайди.

- Ажралишларга асосан, нималар сабаб бўлади?

- Бу ҳар кимда ҳар хил бўлади. Аммо кенг тарқалганлари турмушдаги келишмовчиликлар, оилавий қадриятларнинг йўқлиги, ижтимоий таъминлай олмаслик. Биринчи ва учинчи ҳолатга ечим топиш мумкин, бироқ иккинчиси, оила аҳиллиги, тинчлик-хотиржамлигига путур етказади. Никоҳнинг моҳияти битта йўналиш бўйлаб ҳамоҳанг ҳаракат қилишдир. Умумий маънавий қадриятлар эса, бунда муҳим роль ўйнайди.

Бунда кўп нарса қандай оилада туғилиб-ўсишга ҳам боғлиқ. Ажрашишга кўпинча умидларнинг пучга чиқиши ҳам сабаб бўлади. Гап шундаки, оила қуришдан олдин ҳар бир ёш аниқ мақсадларни кўнглига туккан бўлади. Жуфтининг эътиборсизлиги сабаб кутилган умидлар саробга айлангач, бири иккинчисини айблай бошлайди, иккаласи ҳам ўзидан бошқа барчани айбдор қилишга тушади. Айримлар эса, ўз оиласида ололмаган нарсасини бошқа одамнинг ортиғи билан қилиб беришини кутади. Бироқ муносабатларнинг бахтли бўлиши учун бахтиёр ҳолда унга ўтиш ҳам керак, ахир.

Мурожаат қилган кўпгина жуфтликларга, энг аввало, ҳатто, арзимас муаммо чиқса ҳам, ўзаро гаплашиб олиш лозимлигини ўргатаман. Дарз кетган жой тобора катталашиб кетмаслиги учун ўзаро мулоқотда бўлиш лозим. Бугун эса бу улкан муаммо. Интернет, SMS ва бошқаларнинг пайдо бўлиши билан жонли суҳбатлар ўз қадрини йўқотмоқда.

- Сизга қандай оилалар кўпроқ мурожаат қилади?

- Мутлақо ҳар хил. Яқинда туппа-тузук, рисоладагидек жуфтлик мурожаат қилди. Улар пайдо бўлган уйғунликни сақлаб қолишни исташаркан. Бу яхши, албатта. Аммо мураккаб вазиятга тушиб қолганлар ҳам учрайди. Масалан, биринчи никоҳи бузилган жуфтликлар хатони қайтиб такрорламасликка интилади. Ҳатто, шундай ҳолат ҳам кузатилганки, эрга хотинининг ваннахонани қандай тозалаши ёқмай қолган. Бу турмушдаги кўнгилсиз келишмовчиликка бир мисол, албатта. Кимдир моддий таъминланганликдан норози. Дарвоқе, бу сабаб энг кўп тарқалганларидан биттаси.

- Муносабатларнинг расмий мақоми ҳам инсон психологиясига таъсир кўрсатадими?

- Жуда кучли таъсир кўрсатади. Қоғоз босилган штамп ҳаётни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Энди сиз ҳафтада бир эмас, балки ҳар куни кўришасиз, бир-бирингизнинг камчилигу ютуқларингизни яқиндан билиб оласиз. Бунда бир-бирини тўғри тушуниш ва қандай бўлса, шундай қабул қилиш жуда муҳим. Ҳар биримиз алоҳида-алоҳида одамлармиз, бу бор гап. Аммо паспортга штамп урилгандан сўнг иккита бўлиб қоламиз, буям бор гап. Бунда асосийси, ўзаро бир-бирини тушунишни йўлга қўйиш.

- Оилаларни сақлаб қолишда қандай усуллар қўлланилмоқда?

- Бу борадаги психологик усуллар жуда кўп. Мутахассис фаолияти давомида мос келишига қараб, турли усуллардан фойдаланади. Табиийки, ҳар бир мурожаат қилган кишига индивидуал ёндашилади. Жуфтликларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳар бирига гапиришга имкон бераман. Бу иш беради. Кўпгина жуфтликлар бир-бирининг гапини мутлақо эшита олмайди. Аммо жуфтликнинг шу масалада маслаҳатга келиши ярашувга томон ташланган улкан қадам, яъни 80 фоизлик ижобий юриш, дегани. Айрим ҳолларда мурожаат қилган жуфтликни кўрибоқ, уларнинг никоҳини сақлаб қолиб бўлмаслигини тушунасиз. Оғир вазият, албатта, чора битта – ажрашиш.

Иш усулларига келсак, улар ҳам жуда кўп. Бунда арт-терапия яхши самара беради. Психологияда «моддий маёқчалар», яъни умумий мақсадларни қўйиш, деган тушунча бор. Бунинг моҳияти жуфтликка биргаликда нималаргадир эришишни ўргатиш ҳисобланади. Масалан, уйни капитал таъмирлаш, автомобиль сотиб олиш, саёҳатларга бориш ва ҳамиша шундай йўл тутилишига ўргатиш. Хуллас, жуфтликнинг мунтазам умумий мақсадларга етишиш, режа ва ғояларни амалга ошириш учун интилиши талаб этилади.

- Ажрашиш эркакда ва аёлда алоҳида-алоҳида қандай акс этади?

- Аёлга стрессни енгиш қийин кечади. Гап шундаки, улар аксарият ҳолларда фарзандлари билан қолади. Афсуски, ажрашган аёл – бахтсиз аёл, деган ижтимоий фикр ҳам мавжуд. Эркак кишининг эса йўриғи бошқа, ҳеч ким уларни муҳокама, ғийбат қилмайди, уларга ёмон кўз билан қарамайди. Шу боис никоҳни сақлаб қолиш ташаббуси аксарият ҳолларда аёллардан чиқади. Муаммонинг кўзига қараш, бизга осонроқ. Аммо яна бир қизиқ факт мавжуд: психолог билан ишлашда асосан эркаклар самаралироқ ҳаракат қилади, улар ҳиссиётларини яхшироқ жиловлайди.

- Никоҳни сақлаб қолиш учун жуфтликларга нима деган бўлардингиз?

- Худбин бўлишмасин ва фақатгина ота-она, қариндош-уруғ, бола-чақа учун эмас, балки бир-бири учун ҳам яшашни ўрганишсин. Статистика маълумотларига кўра, асосан, ёш жуфтликлар ажрашиб кетишади. Бу жуда қайғули, албатта. Муаммоларни ҳал қилишга интилиш, борига шукр, қаноат қилиб яшаш лозим. Негаки, кейинги никоҳнинг, албатта, бахт келтиришига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Евгения Юн

суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech