19 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,8 °C

Урбанизация
23 Июл  2019 702

Нурафшон – келажакка интилган шаҳар

Тошкент вилояти маъмурий маркази – Нурафшон шаҳри кўз ўнгимизда ўзгариб бормоқда. Шаҳар улкан қурилиш майдонига айланган.

Марказий автомагистраллар ва маҳалла ичидаги кўчалар кенгаймоқда, ҳамма ёқда махсус лойиҳалар асосида кўпқаватли замонавий уй-жойлар барпо этилмоқда. Маъмурий бинолар, тижорат банклари филиаллари, парклар, савдо-кўнгилочар марказлар каби ижтимоий аҳамиятга эга объектлар, Ўзбекистон Миллий банки офиси қурилиши ва бошқа кўплаб ишлар кенг кўламда олиб борилмоқда. Вилоят ҳокимлигининг янги биноси, бир неча меҳмонхона ва махсус сайр қилиш ҳудуди шаҳарнинг меъморий безакларига айланади.

Вилоят ёшлар маркази ва Адлия бошқармасининг ультразамонавий бинолари ва турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказила бошланган амфитеатр аллақачон фойдаланишга топширилган.

– Нурафшон кўз ўнгимизда том маънода ўзгармоқда, яқин келажакда у мамлакатимиздаги биринчи «Смарт Сити» («Ақлли шаҳар»)га айланади, – дейди 1-умумтаълим мактаби директори Наталья Ли. – Ўзбекистон ўзгаришлар ва бунёдкорлик даврига кирди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббус ҳамма жойда амалга оширилмоқда. Масалан, мактабимизда ёзги таътил вақтида инглиз тилини ўрганиш, компьютер саводхонлигини ошириш тўгараклари ва спорт секцияси фаолият юритмоқда. Ёзда болаларни зериктирмасликка ҳаракат қиляпмиз негаки, ҳамма ҳам ёзги таътил чоғида болалар соғломлаштириш лагерларига бора олмайди. Келгуси ўқув йилига фаол тайёргарлик кўряпмиз. 1700 дан зиёд ўқувчига мўлжалланган мактабда косметик таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сентябрь ойида мактаб 200 нафар биринчи синф ўқувчисини қабул қилади ва улар ҳаётида янги босқич бошланади.

Бугун яқиндагина очилган Ёшлар маркази жуда гавжум. Бир неча ҳафта ичида у минглаб ўғил-қизларни ўзига тортадиган жойга айланди. Бу ерда қизиқишлар бўйича турли бўлимлар фаолият кўрсатмоқда, маърузалар зали мавжуд, замонавий ахборот-ресурс маркази ёшлар хизматида.

– Кутубхонамизда миллий ва хорижий классик адабиётлар, психология бўйича китоблар, бўлғуси талабалар учун қизиқ бўлган илмий ишлар мавжуд, – дейди кутубхоначи Феруза Абдуғаффорова. – Ҳар бир инсон бу ерда ўзи керакли китобни топа олади. Биз ҳам ёшларга қизиқарли адабиётларни танлашда ёрдам беришга тайёрмиз. Болалар учун иқлим назорати тизими билан жиҳозланган ва йилнинг исталган вақтида қулай бўладиган ўқув хонаси мавжуд.

Меъморлар ва дизайнерларнинг айтишича, бир неча йил ичида Нурафшон мамлакатдаги энг обод ва чиройли шаҳарлардан бирига айланади. Бу ерда замонавий архитектура маҳаллий жой ландшафтига ва тарихий биноларга уйғунлашиб кетган.

Сергей Мутин.

Рашид Галиев cурати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech