06 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,5 °C

Мамлакатимизда
10 Мая  2020 1578

Ҳусниддиннинг жасорати унутилмайди

2020 йил 1 майда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юзага келган тошқин кўпчилликнинг ҳаётини хавф остида қолдирди.

Шунда аҳолини эвакуация қилиш учун етиб келган Миллий гвардия шахсий таркиби тезкорлик билан қутқарув ишларига шўнғиб кетди. Эвакуацияга барча махсус техникалар, автомашиналар, сув босган ҳудудларда қолиб кетган фуқароларни қутқариш ишларига эса вертолётлар жалб этилди.

Юзага келган фавқулодда вазиятда 70 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди, 56 нафар фуқаро турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.

Минг афсуски, эвакуация ишларига жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларидан бири 3-даражали сержант Ҳусниддин Суяров табиий офатга қарши курашиш жараёнида қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У ўз жонини фидо қилиб, юзлаб, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолди.

— Миллий гвардия йигитлари ҳеч нарсага қарамасдан, уйма-уй юриб, қолиб кетан фуқароларни қутқариб юрди. Томлар устидан, деразалардан чиқишларига ёрдам бериб, аҳолини хавфсиз ҳудудга ўтказишга катта ҳисса қўшдилар. Ҳарбий йигитлар пастда туриб, ёрдамга учиб келган вертолётларга одамларнинг чиқишига кўмаклашди. Улар орасида ёзда эндигина 32 ёшни қаршилаши керак бўлган сержант Ҳусниддин Суяров ҳам бори эди.

Қурбон бўлган сержантнинг ота-онаси учун бу ўлчаб бўлмас йўқотиш бўлсада, уларнинг ўғли халқимиз наздида ҳақиқий қаҳрамон саналанади. 

Ҳусниддин Суяровнинг волидаси ҳар дақиқада фарзанди тўғрисида, у билан гаплашган суҳбатларини эсламоқда... «Муддатли ҳарбий хизматдан қайтгач, ҳарбий соҳада ишлайман деб туриб олди. Баъзи вақтларда қийналганини сезиб қолсам, қўй, ўғлим, кеч шу ҳарбий ҳаётдан десам, рози бўлмаган. «Онажон, мен қасамёд қилганман, Ватанимни ташқи таҳдидлардан асрайман, юртим учун, халқим учун хизмат қиламан»,— деганди. Мана, айтганини қилди. Юрти учун жонини фидо қилди болам... Мен фахрланаман, ғурурланаман ўғлим билан...»

Онаизорнинг ва Ҳусниддиннинг 25 ёшида икки фарзанди билан бева қолган турмуш ўртоғининг кўз ёшларини, уларнинг ҳолини тасвирлаш эса жуда қийин. 4 ёшли ва бор-йўғи 2 ойлик қизалари отасиз ўсиш нима эканини ҳали тўлиқ англамайди. Келажакда уларнинг «Дадажонимни соғиндим» деган сўзлари ҳар бир инсоннинг қалбини ларзага келтиради...

Мен шундай инсоннинг турмуш ўртоғи бўлганимдан фахрланаман... Турмуш қурмасимиздан олдин ҳарбийнинг ҳаёти оғир бўлади дегандилар, лекин бу даражада оғир бўлади деб ўйламагандим..., – дейди йиғлаб фарзадини қучаётган Ҳусниддин Суяровнинг беваси Нозима Суярова.

Ёшлигидан тиришқоқ бўлган Ҳусниддин Суяров мактаб даврлариданоқ ҳарбий соҳада хизмат қилишни кўнглига ният қилган. Ҳамиша ёрдамга шай бўлиб юрган йигитни, ҳаётининг сўнгги дамида ҳам ёрдам қўлини чўзганча, ҳаётдан кўз юмган ўқувчисини, синфдошини хотирлаётган Ҳусниддиннинг устози ва синфдошлари унинг табиати, ҳарбий соҳада ишлашни ният қилгани ва ёшлигидан тузган режалари ва орзуларига етишгани ҳақида сўзлаб бердилар. 

2007 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиб келаётган, Шарқий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактабини яхши ва аъло баҳоларга тамомлаган, бу ҳарбий хизматчи хизмат ўташ давомида ўзининг намунали ҳарбий интизоми, шунингдек ўзига юклатилган вазифа ҳамда мажбуриятларга виждонан ёндошиши билан алоҳида ажралиб турган.

— Тошқин жуда кучли эди. Баланд оқаётган сув ўз йўлидаги ҳамма нарсани оқизиб кета бошлади. Агар бу лойқа сувда турли чиқиндилар, қамишлар, дарахтларнинг шох-шаббалари-ю уйнинг томидан оқизиб кетилган шиферлар бўлмаганида эди, ҳозир сафдошларимиз биз билан бирга бўлардилар... — Бугунда шу каби ўйлар билан Миллий гвардия ходимлари ўз сафдошларини хотирламоқдалар...

Ҳусниддин Суяров вафотидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлигининг «Намунали хизматлари учун» I даражали кўкраш нишони билан тақдирланди.

Жасорат — мангу, хотира — муқаддас... Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси 3-даражали сержант Ҳусниддин Суяровнинг кўрсатган жасоратини юртимиз, айниқса ҳаёти сақлаб қолинган фуқаролар ҳеч қачон унутмайди. Унинг хотираси ўзбек халқи қалбида абадий яшайди. 

Оддий аскар Нафосат Зафарова,
Ўзбекистон Республикаси
Миллий гвардияси Медиамаркази мутахассиси.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech