06 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,9 °C

Хавфсизлик
20 Мар  2020 476

Олтинсой масаласига ойдинлик киритилди

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган Олтинсой туманида давлат идоралари ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги келишмовчиликлар акс этган видеолавҳадаги ҳолатлар юзасидан мазкур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қуйидагича расмий баёнот беради.

Аниқланишича, тумандаги фермер хўжаликларига тегишли 6,4 гектар суғориладиган ер майдони талон-торож қилиниб, шундан 1,4 гектари фермер хўжаликларига қайтарилган бўлса, 5 гектарни қайтариш учун таъсирчан чоралар кўрилмаганлиги сабабли, бу экин майдонлари фуқаролар томонидан узоқ муддатдан бери эгаллаб олиниб, турли мақсадларда фойдаланиб келганлиги оқибатида 436,9 миллион сўм давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилган.

Хусусан, Олтинсой тумани «Халқобод» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Оқ олтин манзараси» фермер хўжалигига тегишли бўлган суғориладиган пахта ва ғаллага мўлжалланган ер майдонидан шу маҳаллада яшовчи фуқаролар Б.Мухаммадиев, Д.Мухаммадиев, Ф.Нуров, С.Мухаммадиев, М.Саттарова ва А.Сафаровлар томонидан жами 0.39 гектари ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уй-жой қурилган.

Мазкур ер майдонларини қайтариш мақсадида жорий йилнинг 14 февраль куни соат 15-00 ларда ишчи гуруҳи аъзолари «Халқобод» маҳалласига борганида юқоридаги фуқаролар ва уларнинг яқинлари қўлларида бўлган таёқ, белкурак, тош ва бошқа нарсалар билан ишчи гуруҳи олдига чиқиб, ҳокимият вакиллари ва туман ИИБ ходимлари томонидан тушунтирилишига қарамасдан фуқаролар уларга қаршилик кўрсатишган.

Натижада, 3 нафар ИИБ ходими «енгил» тан жароҳати олган.

Мазкур ҳолатларда мансабдор шахслар томонидан ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида суғориладиган ер майдонлари талон-торож қилинган ҳамда Олтинсой туман ИИБ ходимларига тан жароҳати етказилган.

Шунга кўра, мансабга совуққонлик билан қараш ва қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятлари аломатлари мавжудлиги ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, ҳолат юзасидан Олтинсой туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми ва 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech