06 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,7 °C

Саломатлик
30 Апр  2020 463

Она сути энг ишончли озуқа

Ҳозир кўпчиликни «ҳомиладор аёл коронавирус инфекцияси билан касалланган бўлса у болага юқадими-йўқми?» деган савол қизиқтиради.

Шу каби саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Барно Абдусаматова жавоб беради.

— Ҳозирги кунда коронавирус инфекциясига чалинган ҳомиладор аёлларда бу касаллик ҳомила учун жиддий асоратлар хавфи юқорилиги тўғрисида ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас, — дейилади мутахассис жавобида.

Ўқувчини ушбу инфекциянинг онадан болага, айниқса янги туғилган чақалоққа юқиши қизиқтирган.

Коронавирус инфекцияси бутун дунё шифокорлари учун кутилмаган касаллик. Лекин шунга қарамай, янги туғилган чақалоқларда коронавирус инфекцияси ўтган ҳолатлар нисбатан кам қайд этилган экан. Ва энг қизиғи,  бордию ушбу инфекция болага ўтган тақдирда ҳам барча ҳолатлар енгил шаклда кечган экан.  

Шу ўринда, она ва боланинг соғлигини ишончли ҳимоя қилиш борасида юртимизда олиб блорилаётган тизимли ишларга бир қатор мисоллар келтирилган. 

Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйича COVID-19 инфекцияси билан касалланганлар билан мулоқотда бўлган ҳомиладор аёллар учун 740 шифо-ўринга эга 14 та туғрук комплекслар, короновирус инфекцияси тасдиқланган ҳомиладор аёллар учун эса 360 шифо-ўринга эга бўлган 13 та туғрук комплекслари яратилган. 

Касалланган ҳомиладор аёлдан туғилган чақалоқ, у туғилгандан сўнг 12-24 соат ўтгач албатта коронавирус инфекциясига текширилади. Натижаларни тасдиқлаш учун такрорий тест 24 соатдан кейин амалга оширилади. Текширув учун биоматериал сифатида бурун-халқум ёки оғиз-халқумдан суртма олинади. 

Ва албатта, Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан мутахассис билан олиб борилган суҳбат тавсиялар билан давом эттирилган.

Масалан, ҳомиладор аёлларда қуруқ йўтал, хароратни кўтарилиши, нафас қисилиши, холсизлик, иштаха йўқлиги, мушакда оғриқ аломатлари пайдо бўлганда уйдан чиқмаган ҳолда яшаш манзилларидаги участка шифокорига ёки аёллар маслахатхоналарига мурожаат қилишлари тавсия этилади. Шунингдек, карантин даврида ҳомиладорларга шошилинч ҳолатлардан ташқари шифокорлар маслаҳатлашувларини масофавий алоқа (телефон, видеоалоқа ва бошқалар) орқали ўтказишлари ҳам тавсия этилади.

Яна бир қизиқ ҳолат — айрим юқумли касалликка чалинган  оналарнинг фарзандида онадаги инфекциялар бўлмаслиги ҳам мумкин экан.

Табиийки, она билан болани бевосита алоқага олиб келадиган гўдакни кўкрак сути билан озиқлантириш масаласи пайдо бўлади.  

— Ҳаммамизга маълумки, она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади, — деб жавоб беради мутахассис. — Яъни, у болада иммунитет тизимининг шаклланишида қатнашади. Ундаги иммуноглобулинлар янги туғилган чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоя қилади, онадан болага иммунитет ўтишини таъминлайди. Шунинг учун ҳам, ЖССТ коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган онанинг саломатлик ҳолатига қараб эмизишга рухсат берилишини тавсия этади. Лекин, шуни эсдан чиқармаслик керакки, вирус онадан болага ҳаво-томчи ҳамда тўғридан тўғри мулоқот йўли орқали ўтиши мумкин. Шу боис, оналар чақалоқларни парваришлаш ва эмизиш жараёнида ниқобдан фойдаланишлари, уни ишлатишдан олдин ва кейин қўлларини яхшилаб ювишлари ҳамда хонадаги барча буюмларни хлорли эритмалар билан дезинфекциялаб туришлари шарт.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech