08 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21,6 °C

Фикр
18 Апр  2020 619

Оналар, ҳушёр бўлайлик

Карантин оналарга фарзандлари учун янада кўпроқ қайғуриш имкониятини берди.

Она зоти борки, болам деб яшайди, жондан азиз фарзандининг ҳатто товонига битта тикан киришини истамайди. Ҳозир бутун дунё аҳли, бутун дунё оналари таҳликада юрак ҳовучлаб яшаяпти. Бунга эса ўша коронавирус деган балои офат сабаб.

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга бир неча бор мурожаат қилиб, барчамиздан ўзимиз, яқинларимиз ва атрофимиздагиларнинг саломатлигини асрашимизни, ҳушёр ва огоҳ бўлишимизни, карантин даврида шифокорлар тавсияларига қулоқ тутиб, карантин талабларини тўла-тўкс бажаришга чақириб, жон куйдириб гапиришлари она сифатида менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Юрт отасининг халқ саломатлиги учун куюнчаклик билан барча чораларни кўраётганлиги айни пайтда ҳар биримиздан бирлашган ҳолда битта мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз, ортиқча ваҳималарга берилмасдан, ўзимиз ва яқинларимиз соғлиғи учун қайғуришга ундамоқда.

«Уйда қолинг!» Не ажабки, бу шиор бугун дунё аҳлини энг хавфли душман нишонига учрашдан асраб қолувчи ҳайқириққа айланди.

Аммо, минг афсуски, карантин қоидалари талабларини бузаётганлар ҳалигача учраб турибди. Нега қоидабузарлик қилишни шунчалар яхши кўрарканмиз, дея ҳайрон бўлади, киши. Уйдан чиқма, дейилдими, демак шунга амал қилиш керак. Ахир уйда ўтиришнинг нимаси ёмон?

Уйда бўлиш, аввало меҳр гўшаси бўлган оила даврасида бўлишдир. Зеро, инсон зотигагина хос бўлган энг самимий ва беғубор туйғулар, атроф-муҳитга, одамларга бўлган муносабат дастлаб оилада шаклланади. Фарзандларимизнинг келажакда комил инсон даражасига етишида муҳим бўлган дунёқарашини, феъл-атворини белгилаб берувчи жиҳатлар —  одамийлик, олижаноблик, меҳр-оқибат, ўзгаларга яхшилик қилиш, меҳнатсеварлик, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш каби сифатлар оилада шаклланади. Ота-она фарзандлар учун намуна, андоза  бўлади.

Танганинг икки томони бўлгани сингари карантин туфайли кўпгина оилалар, айниқса жамиятда фаол, доимий банд бўлган ота-оналар учун фарзандларига кўпроқ вақт ажратишга, уларни тинглашга, керак бўлса қалбига қулоқ тутиб, диллашишга қулай имконият яратилди. Бу синовли кунлар ҳам ҳадемай ўтиб кетади, ундан унумли фойдаланиб қолайлик. Ахир, ота-боболаримиз ҳар қандай ёмонликнинг ҳам бир яхшилиги бўлади, деб бежиз айтишмаган. Илгари сира бундай ҳолат бўлмаганини ҳисобга оладиган бўлсак, бир оила жам бўлиб, фарзандлар ва уларнинг ўқитувчилари билан мулоқот кучайди, онлайн дарслар, уй вазифаларини телеграм мессенжери орқали назорат қилиш, хуллас айрим жиҳатлар борасида ривожланиш борлигини тан олиш керак.

6-синфда ўқийдиган ўғлим Бутунроссия  ўқувчилар учун Билимлар вақти онлайн олимпиадасида инглиз тили фани бўйича 1-ўринни эгаллади. Бирпасда ғолиблик тўғрисидаги Диплом ҳам электрон тарзда етиб келди. Агар шароит шуни тақозо этмаганида масофадан туриб ишлаш, онлайн дарслар, онлайн олимпиадалар балки ҳозиргидек такомиллашиб кетмасмиди, деб ўйлаб қолдим.

Ҳар кун саҳарда уйғониб, эл-юртга тинчлик ва омонлик, бало-қазоларнинг тезроқ даф бўлишини сўраб, беморларга шифо тилаб қилинаётган дуолар ижобат бўлиши шубҳасиз. Шундай экан, уйда қолинг. Яқинларингиз, жондан азиз жигарбандларингизни асранг.

Дилфуза Жарбекова,
Гулистонлик она.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech