20 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,6 °C

Саломатлик
4 Июл  2019 869

Онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш имконияти кенгайди

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги, замонавий Консультатив-диагностика поликлиникаси биноси фойдаланишга топширилди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур замонавий ва инновацион поликлиника қурилиши учун Инвестиция дастури асосида, қисқа даврда 3 қаватли янги бино реконструкциядан чиқарилиб, олд қисмида 2 қаватли холл қурилди. Мазкур замонавий иншоот 300 қатновга мўлжалланган бўлиб, у маслаҳат поликлиникаси, рентген, ультратовуш ва эндоскопик диагностика, клиник лаборатория ҳамда саратон профилактикаси маркази ва бошқа бўлимларни ўз ичига олади.

Янги маслаҳат поликлиникаси эрталаб соат 8.00 дан кеч соат 20.00 гача узлуксиз фаолият кўрсатади. Бу ерда барча қулайликка эга 180 ўринли кутиш заллари бемор ва унинг яқинлари учун хизмат қилади.

Поликлиникада беморларни қабул қилиш ва уларга сифатли ёрдам кўрсатиш мақсадида барча хоналар мутахассисликлар бўйича замонавий жиҳозлар ва диагности ускуналар билан таъминланган. Бу ерда барча соҳа ўсмаларини аниқлаш ёки инкор қилиш, уларни даволаш бўйича юқори малакали маслаҳат бериш учун етук мутахассислар жалб этилган.

Эндиликда бу ерда ультратовуш орқали текширув жараёни бевосита поликлиникада фаолият юритадиган мутахассисларнинг ўз хоналарида амалга ошириладиган бўлди. Бу эса беморларнинг ортиқча навбат кутиб қолиши каби турли муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бундан ташқари, беморлар ва уларнинг яқинлари учун бинонинг биринчи ҳамда иккинчи қаватлари ҳамда холл қисмида электрон навбатни кузатиб бориш мониторлари ўрнатилди.

Маслаҳат поликлиникасида электрон рўйхатга олиш тизими жорий этилганлиги сабаб фуқаролар “шифокор қабулига онлайн ёзилиш” функцияси ёрдамида электрон рўйхатга ёзилишлари ҳам мумкин. Бинонинг 3-қаватида Саратон профилактикаси маркази жорий этилган бўлиб, айни пайтда ушбу марказ канцер-регистр тизими, скрининг тадқиқотлари, статистик маълумотлар базасини яратиш учун зарур ускуна, компьютер техникаси ва локал ҳамда умумий тармоқ билан таъминланган.

Тадбир иштирокчилари бинонинг бўлим ва хоналарида бўлишиб, яратилган шароитлар, жиҳозланиши, мавжуд диагностик ва даволаш ускуналари билан танишишди. Электрон навбатга ёзилиш, рўйхатхона иш фаолияти ва бошқа техник имкониятларнинг амалда қўлланилишини бевосита кузатишди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech