21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21 °C

Кейинги авлод
12 Дек  2018 1879

Мактабларга қабул онлайн тарзда амалга оширилади

Халқ таълими вазирлиги БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Ўзбекистонда мактабга қабул қилиш жараёнининг рақамли трансформацияси бўйича илк лойиҳасини ишга туширади.

Ташаббус ҳозирги мавжуд тартибни ўрганиш, амал қилаётган моделдаги чекловларни аниқлаш, маъмурий тадбирларни такомиллаштириш, шунингдек, мактабга ёзиш жараёнига ахборот технологияларини татбиқ этишни назарда тутади. Мазкур фаолият Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғриси»даги фармони ижросини таъминлаш доирасида ўтказилмоқда.

Ана шу мақсадда ХТВ умумтаълим муассасалари директорлари билан лойиҳанинг оралиқ натижалари тақдимоти ва муҳокамасини ташкил этди. Улар эътиборига болаларни мактабга қабул қилиш хизматига кириш осон бўлган ва коррупцияга сабаб бўлувчи омилларни камайтирувчи янги модель ҳавола этилди.

Ҳозир амалда бўлган тизимнинг асосий салбий томонларидан бири унинг етарли даражада шаффоф эмаслигида экани таъкидланди. Кўпинча ота-оналар қабул қилиш тартиби, муддатлари ва зарур ҳужжатлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмайди, микроҳудудлар схемаларига кира олишмайди. Айрим жиҳатлар эса мос ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда умуман келтирилмаган. Аризаларнинг қисқа муддат ичида қабул қилиниши ҳам кўплаб саволларга сабаб бўлади. Тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини ҳам камайтириш лозим.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун ишчи гуруҳ томонидан мавжуд расмийлаштириш тадбирлари таҳлил қилинди, илғор халқаро тажриба ўрганилиб, хизмат кўрсатишнинг янги модели яратилди. Экспертлар ота-оналарнинг барча босқичлар ва тартиблар ҳақида маълумотлар олишини яхшилашни, мактаб ёшидаги болаларни номма-ном рўйхатга олиш масъулиятини эса маҳалла фуқаролар йиғини зиммасига юклашни таклиф этмоқда. Бу иш билан олдин педагоглар шуғулланарди. Ҳар бир микроҳудудда яшовчи мактаб ёшидаги болалар сони шу йўл билан аниқланади.

2019 йилнинг март ойидан бошлаб «Болаларни умумтаълим муассасаларига қабул қилиш» маъмурий иш тартиби лойиҳасига кўра, фарзандини мактабга қабул қилиш ҳақидаги аризалар икки хил усулда: давлат хизматлари марказлари (ДХМ) орқали ўзлари бориб ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали масофадан туриб амалга оширилиши мумкин. Дастлабки босқичда янги модель пойтахтнинг 81 та мактабида синаб кўрилади ва кейинчалик бутун республикага жорий этилади.

Мазкур рақамли трансформация сабаб қабул қилиш тартиби олтитадан тўртта қадамгача қисқаради, йиғиладиган ҳужжатлар сони сезиларли камаяди. Бундан мақсад, шаффофликни таъминлаш ва халқ таълими тизимига ишончни мустаҳкамлашдир.

Ташаббус Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва БМТнинг Тараққиёт дастурининг «Давлат бошқаруви ва рақамли трансформацияларни самарали ривожлантиришдаги ҳамкорлик» борасидаги уч йиллик ҳамкорлик лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Ишчи гуруҳ таркибига ХТВ, Давлат хизматлари агентлиги ва «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази мутахассислари киритилган.

Евгения Юн

тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech