23 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,8 °C

Бўш вақтда
8 Мар  2019 1635

Ўттизинчи параллель жумбоқлари

Бирон марта Миср эҳромлари, Буюк Хитой девори ва Бермуд учбурчагини нима боғлаб туриши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Уларга Ҳиндистондаги Кайлас тоғи ва Гелиополь, Эриду, Персеполь, Лхаса шаҳарларининг қайси ён тарафи билан қараб туриши ҳақида-чи?

Бу хаёлингизга ҳам келмаган бўлиши табиий. Лекин буни билиб олиш қийин эмас. Харитага уларни бирлаштирувчи чизиқ тортасиз - жавобнинг ўзи пайдо бўлади. Ушбу объектларнинг ҳаммаси 30-чи параллелда жойлашган.

Параллеллар ва меридианлар - бу Ер шари сатҳидан ўтказилган шартли чизиқлар бўлиб, географик координаталар тўрини ҳосил қилади. Бу бизга мактаб партасиданоқ маълум. Бундан ташқари, қадимда координаталар тизими мавжуд бўлмаганлиги сабабли кўпгина географик кашфиётлар кўр-кўрона, тусмоллаб амалга оширилганини ҳам биламиз. Аммо бу тасдиққа ҳозирги даврда озгина бўлса-да, тузатиш киритиш керакка ўхшайди: координаталар тизими ўша даврларда фақатгина бизнинг цивилизацияда бўлмаган, деган. Бироқ координаталар тизими қадимги мисрликлар, шумерлар, хитойликлар ва майяларда ҳам бўлган кўринади.

Бизгача етиб келган афсоналардан бирида келтирилишича, худолар сайёрамизни уч: шимолий, марказий ва жанубий ҳудудларга бўлишган экан. Бўлиниш чизиғи ҳар шимолий ва жанубий кенгликнинг 30-чи параллелидан ўтган. Худди ўша жанубий кенгликда қанча машҳур бўлса, шунча жумбоқларга тўла Наска водийси (Перу) жойлашган. Маълум услубга солинган 18 та турнинг: маймунлар, касаткалар, ўргимчак, калтакесак ва ҳатто, одамларнинг тасвири туширлган жой платонинг 500 кв.км.лик майдонини эгаллаган. Бу суратларни ким «чизган»? Қачон? Қай усулда ва қандай мақсадларни кўзлаб? Ушбу саволларга жавоб бериш мақсадида келтирилган жуда кўплаб назарияларнинг бирортаси ҳам ўз тасдиғини топмаган.

Муҳимлиги жиҳатидан шимолий кенгликнинг 30-чи параллели унданда кўпроқ аҳамият касб этган кўринади. Худди шу параллель бўйлаб, яъни Тибет тоғларидан то Мисргача муқаддас шаҳарлар қурилган, айнан унинг ўзида, Синай яриморолининг марказий текисликларида баъзи тадқиқотчилар қадимги космодром, деб атаётган ва ҳозирда деярли йўқ бўлиб кетган иншоот жойлашган.

Кайлас тоғи

Айнан, 30-чи параллелда жойлашган Кайлас тоғи (Хитой, ғарбий Тибет ва Маносаравар кўлидан шимолроқда) Ер сайёрасидаги муқаддас жойлардан бири ҳисобланади. Айниқса, тўртта дин вакиллари: индуизм, буддизм, жайнизм ва қадимги Тибетнинг Бон таълимоти тарафдорлари худди шундай, деб ҳисоблайдилар.

Тасдиқлашларича, Кайласнинг баландлиги 6666 метрга тенг, олимлар эса бошқа 6714 метр, деган рақамни келтиришади. Бундан ташқари, Кайлас тоғи «нафас олади», яъни тоғ бир «кўтарилса», бир «тушади». Шу боис ҳам унинг баландлиги йил давомида бир неча ўн метрга ўзгариб туради. Шунингдек, унга кўтарилиш тақиқлаб қўйилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу боис ҳам Кайлас тоғи чўққиси ҳозирга қадар забт этилмаган. Тоққа кўтарилишни истаган экспедициянинг дастлаб, Хитой ҳукуматидан рухсат олиши талаб этилади. Аммо Кайлас билан боғлиқ сирли ҳодисаларга ҳукуматнинг умуман алоқаси йўқлиги аниқ. Айтишларича, тоққа кўтарилишни ихтиёр этганларнинг кўпи ҳалок бўлган ёки мақсадига эриша олмай, шўппайиб қайтиб келишган.

Хўш, у ҳолда Кайлас тоғи қанақа жой ўзи? Ташқи кўринишидан Кайлас тоғи ёнлари тўрт горизонт томонга қараган тўғри тўртқиррали эҳромни эслатади. Юқори қисми тухумсимон думалоқ кўринишда ва абадий муз қалпоғи билан қопланган. Тоғ гўёки 13 та ётиқ қатламдан ҳосил бўлгандек. Четдан қаралганда, тоғ пастдан юқорига томон кўтарилиб борувчи улкан тош зинага ҳам ўхшайди.

Кайласнинг асосий жумбоқларидан бири - унинг баландлиги 1800 метрга тенг ботиқ ён томонларидир. Айрим олимларнинг тахмин қилишларича, улар вақтнинг кечишига таъсир ўтказиши мумкин экан. Хусусан, россиялик тадқиқотчи Эрнст Мулдашев 1999 йилда ўша тоққа чиқишга қарор қилганди. Аммо маҳаллий аҳоли унинг экспедициясини кўтарилиш чоғида ламалар томонидан ҳосил қилинган муқаддас сўқмоқлардан зинҳор чиқиб кетмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантира бошлади. Йўқса, фалокатга йўлиқиш мумкин, дейишарди. Кейин тоққа кўтарилган тўрт альпинист билан боғлиқ ҳодисани гапириб беришган. Улар муқаддас сўқмоқдан четга чиқиб кетишган экан. Қайтишгач, жуда тез қарий бошлабдилар ва ҳаммаси бир йил давомида вафот этишибди. Тиббиёт эса уларнинг нима сабабдан бу тарзда вафот этишгани сабабларини аниқлай олмаган, албатта. Ким билсин, балки ушбу қўрқинчли ҳодисами ёки олий кучлар аралашуви биланми, ҳарқалай, Мулдашев экспедициясининг тоққа кўтарилиши амалга ошмай қолди.

Қизиқарли геометрия

Мавзуни давом эттира туриб, қадимий муқаддас жойлар - Кайлас, Стоунхендж, эҳромлар (Миср ва Мексика), Пасха ороли (Чили ҳудуди)даги тош ҳайкалларнинг сайёрамизда ташқи кўринишидан бирорта тизимсиз жойлашган, деган хулосага келиш нотўғри бўларди.

Кайласнинг асосий «кўзгулар»и аниқ Миср эҳромлари томонга, иккита шимолий «кўзгу» эса - Мексика эҳромларига қараган. Сфинкс ҳам Кайласга қаратиб қурилган. Бунга ишонмаслигингиз мумкин, аммо Кайлас ва Миср эҳромларини меридиан билан туташтирилса ва яна давом эттирилса, бизни Пасха оролига «олиб келади». Кайлас тоғидан Миср эҳромларигача бўлган масофа, Кайлас билан Пасха ороли ўртасидаги масофанинг тўппа-тўғри тўртдан бирини ташкил этади.

Чизиқни Пасха оролидан давом эттирсак, Мексика эҳромларига «дуч келамиз». Ундан кейин - яна Кайлас тоғи! Бунда ҳам Пасха оролидаги улкан тош ҳайкаллардан Мексика эҳромларигача бўлган масофа, Пасхадан Кайлас тоғигача бўлган масофанинг тўппа-тўғри тўртдан бирини ташкил этади.

Кайлас тоғидан Стоунхенджга қараб чизиқ тортилса ва у давом эттирилса, бизни Пасха оролига «олиб келади». Оролдан бошланадиган масофадан учдан бирини олиб ташласак, ўзимизни тўппа-тўғри Бермуд учбурчагида «кўрамиз»!

Шу ўринда Кайлас тоғининг расмий баландлигини эсга олиш жоиз - 6714 метр. Шу билан бирга Кайласдан Стоунхенджгача бўлган масофа ҳам 6714 км.ни ташкил қилади! Стоунхендждан Бермуд учбурчагигача ва Бермуд учбурчагидан Пасха оролигача бўлган масофа ҳам шунча - 6714 км.дан. Яна Кайлас тоғидан Шимолий қутбгача бўлган масофа ҳам 6714 км!

Узатувчи антенна

Параллеллар ва меридианларнинг Ер сатҳи бўйлаб туширилган шартли чизиқлар экани эқорида айтиб ўтилди. Шунга қарамасдан, 30-чи параллелни космосдан туриб кўрса бўлади. Тўғри, яхши ва очиқ об-ҳаво шароитида. Хитой ҳудудида Буюх Хитой деворини кўриш мумкин. У 30-чи параллелда жойлашган ва унинг жумбоқлари ҳалигача очилмай қолмоқда. Юқоридаги маълумотда ҳам бу ҳақда қисқача фикр юритгандик. Хуллас, олимларнинг тахмин қилишларича, унинг деворларидан Ернинг табиий электроҳанрабо майдонини ўзгартирадиган сигнал жўнатилган. Ушбу ахборотлар эса Гизадаги галактикалараро алоқа воситаси орқали космосга «юборилади». Хўш, Гизада галактикалараро алоқани таъминлайдиган восита ёки қурилма мавжудми? Ким билсин. Аммо ўринда америкаликлар киноижодколар томонидан суратга олинган «Трансформерлар 2» бадиий фильмини эсга олишни тавсия қилган бўлардик. Айниқса, фильм охирроғини. Нима дейсиз, ғоя ўз-ўзидан пайдо бўлганмикан?

Аммо уфология ва аномал ҳодисалар билан шуғулланувчи олимлар илгари сурган фаразга мурожаат қиладиган бўлсак, Хеопс эҳромининг учи спираль кўринишида ва пастга томон йўналган қувват-ахборотни қабул қилувчи нуқта экан.

Эҳромсимон конструкцияларнинг, ўлчамлари ҳали анъанавий фан томонидан аниқланмаган қувват майдони генераторлари экани олимларга жуда яхши маълум. Ана шу эффектларни ҳисобга олган ҳолда Гиза комплекси узра учувчи аппаратларнинг парвози тақиқлаб қўйилган: эҳромлар устида тез-тез навигация ускуналари ва двигателлар ишламай қолади.

Мисрдаги эҳромлар қандай мақсадларда қурилган бўлмасин, уни барпо этганлар экваторнинг узунлигини ва йилнинг давомийлигини вергулдан кейинги бир нечта рақамигача аниқ билишган. Уларга Ер орбитаси узунлиги, Ернинг солиштирма оғирлиги, йилдаги тенг кунлик цикллари, оғирлик кучининг тезланиши ва ёруғлик тезликлари ҳам жуда яхши маълум бўлган. Эҳромларнинг 30-чи параллелда жойлашувининг ўзиям қурилиш ҳисоб-китобларнинг ўта синчковлик билан текшириб чиқилганини тасдиқлайди.

Мазкур иншоотларни қаердан келганлар ва кимлар қурганига жавоб йўқ ва ҳали-бери топилмаса ҳам керак. Бироқ ўтмиш қаърига йўл олган олдинги цивилизацияларга оид кўпгина далиллар вақт ва инсон томонидан «ўчириб» ташлангани ҳам жуда ачинарли ҳол.

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech