13 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +33 °C

Транспорт
16 Июл  2020 410

«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши масаласи муҳокамаси давом этади

15 июль куни Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев, Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов, Хитой Халқ Республикасининг ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжен Чипин бошчилигида видеоконференция алоқа шаклида учрашув ўтказилди.

Онлайн мулоқотда Элёр Ғаниев пандемия шароитида давлат чегаралари орқали темир йўл транспортида юкларни ташиш долзарб аҳамият касб этиб бораётганини яна бир бор таъкидлади.

«Пандемия сабаб карантин чораларининг кучайтирилиши давлатлар иқтисодиётига шу жумладан биринчи галда транспорт соҳасига жиддий таъсир этмоқда. Пандемия туфайли дунё давлатларида юзага келган оғир вазиятга қарамасдан бугунги кунда фақатгина темир йўл транспорти деярли ҳеч қандай чекловларсиз фаолият кўрсатмоқда. Айнан шу жиҳатнинг ўзиёқ «Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳасини рўёбга чиқариш муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда. Ушбу темир йўл «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасида энг муҳим транспорт коридорига айланиши мумкин», деди Э.Ғаниев.

Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов темир йўл қурилиши юзасидан тақдим этилган учта маршрут бўйича SWOT – таҳлиллари ўтказилганини таъкидлаб, юк оқимини шакллантириш, ташувлар самарадорлиги ҳамда темир йўл линияси ўтувчи Қирғизистон минтақаларининг келажакдаги ривожланиши нуқтаи назаридан энг мақбул йўналиш «Торуғарт – Арпа – Қўш-Добо – Мақмал – Жалол-Обод» эканлигини айтиб ўтди.

Хитой Халқ Республикасининг ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжен Чипин молиявий нуқтаи назардан Қирғизистон томони таклиф этаётган йўналиш бўйлаб қурилишнинг амалга оширилиши яхши вариант эканлигини, бироқ темир йўл кенглиги ва йўналиш маршрути бўйича экспертлар ягона тўхтамга келмагани боис бошқа таклифларни ҳам кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда томонлар темир йўл қурилиши бўйича энг мақбул йўналиш маршрутини танлаш, шу билан бирга молиявий-иқтисодий масалаларни кўриб чиқиш, келажакда темир йўлни эксплуатация қилиш юзасидан лойиҳанинг инвестиция моделини ва қурилишнинг техник-иқтисодий жиҳатларини ўрганиш бўйича муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олишди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech