11 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +33,5 °C

Халқаро ҳамкорлик
8 Июл  2020 351

Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йил 7 июлда Женевада видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Мамлакатимиз делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилик қилди.

Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳи раиси, Корея Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотидаги доимий вакили Джи-а Пек тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон томонидан Ташкилотга кириш ва зарур ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида ўтилган босқичлари билан таништирди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши нуқтаи назаридан Республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида маърузаси тақдим этилди. Ушбу жараённинг қайта тикланиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганлиги ва мамлакатнинг кўп томонлама савдо тизимига қўшилиши орқали ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

ЖСТ Бош директорининг ўринбосари А.Вулф Ташкилот Котибияти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири мамлакатларга ЖСТга киришда кўмаклашиш эканлигини таъкидлади ва шу сабабли Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини тиклаш тўғрисидаги қарорини олқишлади ва Ташкилот раҳбарияти номидан ушбу ташаббусда барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, бир қатор бошқа давлатлар, минтақавий ва тематик гуруҳларнинг вакиллари Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлашга қаратилган фикрларини баён қилдилар.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо режими тўғрисида кенгайтирилган Меморандумнинг муҳокамаси бўлиб ўтди ва Меморандум бўлимлари бўйича савол-жавоблар сессияси бўлиб ўтди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнида Ташкилот Котибиятига зарур ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами, жумладан, аъзо мамлакатларнинг 300 дан ортиқ саволларига жавоблар, савдо соҳасида техник тўсиқлардан фойдаланиш, санитария ва фитосанитария чоралари, божхона баҳолаш бўйича суратли саволларнинг назорат рўйхатлари, импортни лицензиялаш жараёни тўғрисидаги саволнома, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, миллий қонунчиликни ЖСТ битимларининг меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича Режа тақдим этилди.

Йиғилиш якунида жорий йилнинг 20 июлидан 31 июлига қадар товар ва хизматларининг бозорга киришини таъминлаш масалалари бўйича икки томонлама музокаралар ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, ЖСТга кириш бўйича музокараларнинг кейинги босқичига ўтиш, хусусан, Ўзбекистон Ташкилотга кириши бўйича Ишчи гуруҳ Маърузасининг асоси ҳисобланган Фактологик хулосани тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон томони йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш ташаббусини қўллаб-қувватлаганлиги учун миннатдорчилик билдирди ва ушбу йўналишда келгусида конструктив ҳамкорлик қилишга умид билдирди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech