26 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22 °C

Халқаро ҳамкорлик
17 Мая  2020 181

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги зафарлар, қардош Қозоғистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.

Сардоба сув омборидаги фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, шунингдек коронавирус инфекцияси тарқалишининг икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларга салбий таъсирини камайтириш бўйича йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик ва амалга оширилаётган ишлар алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Президентлар янги хатарлар ва умумий таҳдидларни енгиб ўтиш учун яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳим эканини таъкидладилар.

Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқотнинг институционал механизмларини ҳамда ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичларини оширишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳалари, бошқа устувор тармоқларда истиқбол йўналиш ва лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Халқаро сиёсатга оид қатор масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Президентлари қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда қатъий эканликларини тасдиқладилар.

Суҳбат ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech