06 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,6 °C

Транспорт
13 Июл  2020 365

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида транспорт соҳасидаги битимларнинг кучга кириши тўғрисида

Ўзбекистон ва Туркия Йўловчи ва юкларни автомобилда халқаро ташиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим (2020 йил 8 августдан эътиборан кучга киради) ҳамда Юкларни халқаро аралаш ташиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим (2020 йил 9 июлдан эътиборан кучга кирди) кучга кириши учун ратификация жараёнларини тугаллади.

Мазкур халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркия Республикасига ташрифи давомида 2017 йил 25 октябрда имзоланган.

Йўловчи ва юкларни автомобилда халқаро ташиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим қоидалари билан икки давлат ҳудуди бўйлаб ва улар ҳудудлари орқали транзит тарзда, шунингдек, учинчи давлатларга ва учинчи давлатлардан транспорт ташувларини амалга оширишнинг тартиби ва шартлари белгиланган.

Ҳужжат билан йўл йиғимлари тўловисиз юкларни халқаро ташиш учун ўзаро келишилган миқдорларда рухсатномаларни тенг шартларда йиллик алмашиш назарда тутилмоқда.

Битим халқаро автоташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришга, юкларни автотранспортда ўзаро ташиш ҳажмини ошириш орқали икки мамлакат ўртасида савдо алоқаларини янада ривожлантиришга йўналтирилган.

Юкларни халқаро аралаш ташиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим Ўзбекистон ва Туркия ўртасида, шунингдек, уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда темир йўл, сув ва автомобиль транспортида қисман амалга ошириладиган юкларни ташишга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Битимнинг бош устувор жиҳати юкларни ташишнинг бутун йўли бўйлаб, гарчанд бундай ташишда бир қанча транспорт турлари қатнашса ҳам, юкларни ягона ташиш ҳужжати (рухсатнома) бўйича етказиб бериш ҳисобланади.

Юкларни аралаш ташишларнинг Битим доирасида ҳуқуқий тартибга солиниши икки мамлакат ўртасида товарларни ўзаро етказиб беришнинг узвийлигини таъминлайди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech