06 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,9 °C

Халқаро ҳамкорлик
3 Июл  2020 363

Ўзбекистон Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгашида кузатувчи давлат мақомини олди

Грузия раислигидаги Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгашининг (IOС) 111-ялпи ялпи мажлиси видеоконференсалоқа шаклида ташкил қилинди.

Кенгаш ялпи мажлисида унга аъзо давлатлар — Албания, Жазоир, Миср, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Грузия, Эрон, Исроил, Иордания, Ливан, Ливия, Черногория, Марокаш, Фаластин, Тунис, Туркия, Уругвай ва кузатувчи мақомига эга мамлакатлар — Аргентина, Ўзбекистон ва Сурия вакиллари иштирок этди.

Тадбир очилишида «IOС» президенти Георгий Сванидзе сўзга чиқиб, иштирокчиларни кенгашга аъзо бўлиш тўғрисидаги Ўзбекистон аризаси тўғрисида хабардор қилди ва мамлакатимиз вакилларини Ўзбекистоннинг ташкилотга кузатувчи мақомини олгани билан табриклади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг «IOС»га аъзо бўлиш қарори нафақат Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгаши обрўсини мустаҳкамлайди, балки мамлакатда зайтун ишлаб чиқаришни ривожлантиришга имкон беради.

Шунингдек, Ўзбекистонда зайтун етиштириш уни минтақавий ва глобал миқёсда етказиб бериш занжирини ривожлантиришда янги имкониятлар эшигини очади. Мамлакатимиз фермер ва ишлаб чиқарувчилари учун янги савдо бозорларини тараққий эттиришга имкон беради.

Ўзбекистоннинг Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгаши билан ҳамкорлиги эса мамлакатда зайтун саноатини ривожлантириш ва зайтун плантацияларини кенгайтириш учун шароит яратади, деб хабар беради «Дунё» АА.

Ўз навбатида, онлайн мажлисда иштирок этган делегациялар раҳбарлари бир овоздан Ўзбекистоннинг кенгашга кириш истагини қўллаб-қувватладилар.

Эслатиб ўтамиз, «IOC» 1959 йилда, «Зайтун мойи тўғрисида»ги халқаро шартнома (1956 йилда қабул қилинган) негизида ташкил этилган. Кенгаш асосчилари Ўрта ер денгизидаги Европа ва Африканинг 11 та мамлакати ҳисобланади.

Ташкилотнинг бош қароргоҳи Испания пойтахти Мадрид шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда кенгаш зайтун мойи ва зайтун ишлаб чиқарувчиларнинг қарийб 80 фоизини, уни экспорт қилувчиларнинг эса 98 фоизини бирлаштиради.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech