27 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,7 °C

Саломатлик
14 Июл  2020 6503

Ўзбекистонда COVID-19ни уйда даволаш бўйича қўлланма ишлаб чиқилди

Коронавирус инфекциясининг енгил формаси билан касалланиб, уйида даволанаётган бемор ўзини қандай тутиши керак, у билан бирга яшаётганлар нималарга эътибор бериши керак, аҳволини назорат остида ушлаб туришда нима ёрдам беради? Бундай саволларга Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан ишлаб чиқилган Клиник қўлланма жавоб топишга ёрдам беради.

Даставвал шунга эътибор қаратамизки, ҳар қандай касалликни шифокор назорати остида даволаш лозим! Қўлланмада кўрсатилганидек, «уйда даволаниш жараёнида бемор билан шифокор ўртасида ўзаро муносабат йўлга қўйилган бўлиши зарур».

Мазкур ҳужжат устида Миллий палата экспертлари томонидан олиб борилган иш жорий йил 30 июнда якунига етказилган ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маъқулланган, яъни шифокорлар ҳам, беморлар ҳам унга қараб иш тутса бўлади.

Яна шуниси ҳам муҳимки, ушбу Клиник қўлланма Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига мувофиқ тайёрланган.

Сўнги маълумотларга қараганда, коронавирус билан касалланган беморларнинг 40 фоизида касаллик енгил кечади.

Бунда шуни билиш муҳимки, COVID-19 инфекцияси билан касалланганлиги лаборатория томонидан тасдиқланган, ёки шундай эҳтимол мавжудлиги, ёки шундай ҳолатга шубҳа уйғотган барча шахслар вируснинг янада тарқалишини олиш мақсадида уйда ўзини ўзи яккалаши лозим бўлади.

«COVID-19 нинг енгил формаси билан касалланган беморларни даволаш бўйича Вақтинчалик клиник қўлланма»да касалликнинг енгил кечишига хос бўлган асосий касаллик белгилари саналиб ўтган.

Ҳужжатнинг алоҳида бўлими сифатида «Бемор ва унинг оила аъзолари учун тавсиялар» ажратилган. Бу ерда, хусусан, «Беморни парвариш қиладиган шахслар сони чегараланган бўлиши лозим. Аслида соғлиги мустаҳкам, асоратли касалликларсиз ёки иммунитети паст бўлмаган бир киши танланиши лозим»лиги кўрсатилади.

Бевосита COVID-19 нинг енгил формаси билан касалланган беморни даволашга келсак, Клиник қўлланмага мувофиқ, «симптоматик даволаш: иситмаси кўтарилганда ёки оғриқни пасайтириш учун ҳароратни туширадиган дори воситалари, ҳолатга мос овқатлантириш ва сув балансини ушлаб туриш» тавсия этилади.

Шунингдек, жумладан ринитни уйда даволаш учун, бурун битганда ва бошқа бир қатор ҳолатларда яна бошқа тавсиялар ҳам берилган. Касалликнинг енгил турида яхши овқатланиш керак бўлади, албатта, илиқ ҳолда.

Зудлик билан тиббий ёрдам талаб қилинадиган хавотирли аломатларга эътибор қаратилади. Жумладан, бош айланиши, нафас олишнинг оғирлашиши, кўкракда оғриқнинг пайдо бўлиши, организмнинг қуриб кетиши ва бошқаларга.

«COVID-19 нинг енгил формаси билан касалланган беморларни даволаш бўйича Вақтинчалик клиник қўлланма» нафақат шифокорлар ва беморлар учун муҳим ҳужжат ҳисобланади, шу билан бирга COVID-19 ҳақидаги билимлар билан қизиқувчилар учун исботланган тиббиёт ва халқаро тажрибага асосланган кенг ахборот манбаи ҳам бўлиб хизмат қилади, деб хабар беради Миллий палатаси матбуот хизмати.

Қўлланма билан ишлаб чиқарувчиларнинг — Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатасининг https://uzhealth.uz/ru/menu/natsionalnye-klinicheskie-protokoly сайти орқали таниши мумкин.

 

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech