11 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,8 °C

Спорт
28 Дек  2018 1464

Ўзбекистонда “Йилнинг энг яхши спортчиси” аниқланди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида махсус комиссия томонидан 2018 йил якунларига кўра мамлакатимизнинг энг яхши спортчиси аниқланди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилади.

Жорий йилда ўтказилган жаҳон чемпионатлари, Индонезия мезбонлик қилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида ҳамда Аргентина қабул қилган ўсмирлар ўртасидаги III Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган 28 нафар ҳамюртимиз “Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон Миллий кубогига даъвогар сифатида эътироф этилганди.

Номзодлар орасида кўплаб халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашган номдор спортчиларимиз: Бекзод Абдураҳмонов, Мўминжон Абдуллаев, Диёрбек Ўрозбоев, Исроил Мадримов, Светлана Радзивил, Вадим Менков, Денис Истомин каби юлдузлар ҳам бор эди.

Аммо “Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон Миллий кубогига бошқа бир спортчи лойиқ кўрилди. 1-10 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 102 килограммгача вазн тоифасида даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медал билан тақдирланган Акбар Жўраев мамлакатимизда “Йилнинг энг яхши спортчиси”, деб эътироф этилди.

Ўша чемпионатда 19 ёшли атлетимиз иккикурашда ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгилаб, амалдаги олимпия ўйинлари чемпиони ҳамда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони каби кучли рақибларни ортда қолдирганди. Шунингдек, Акбар Жўраев шу йилнинг баҳорида ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган, ёзда эса ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган эди.

Акбар Жўраев “Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон Миллий кубоги, белгиланган намунадаги гувоҳнома ҳамда 10 минг АҚШ долларига тенг миқдоридаги пул маблағи билан тақдирланди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech