02 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,9 °C

Саломатлик
3 Июл  2020 779

Ўзбекистонда COVID-2019 РНКсини ажратиш диагностик тўплами ишлаб чиқилди

Бугунги кунда дунё миқёсида COVID-19 билан касалланганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан COVID-19 ни диагностика қилиш учун ПСР усули стандарт сифатида таклиф қилинган.

Маълумки, ПСР диагностика таҳлилини амалга ошириш учун дастлаб COVID-19 коронавирус РНК сини ажратиб олиш талаб этилади. 15 мартда илк бор Ўзбекистон ҳудудида SARS CoV-2 вируси аниқлангандан сўнг, ЎзР ФА Ўсимлик моддалари кимёси институти ходимлари ҳам COVID-2019 РНК сини ажратишга мўлжалланган диагностик тўплам ишлаб чиқиш устида тадқиқотларини бошлади ва қисқа вақт оралиғида ушбу тўпламлар ишлаб чиқилди.

Ушбу диагностик тўпламнинг клиник синовлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги лабораторияларида, шу жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг махсус лабораториясида ўтказилди ва ижобий натижаларни кўрсатди. SARS-CoV-2 вируси РНК сини ажратишга мўлжаллаб ишлаб чиқилган ушбу тўплам дунёда ишлаб чиқариладиган аналоглари билан таққосланганда сезгирлиги, ўзига хослиги, айниқса, кам вақт талаб қилиши (1 соат), қулайлиги ва арзонлиги (камида 30% га арзонроқ) каби устунликларга эга.

Ушбу тўплам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази» ДУК ташкилотида «ЭНКОР» номи билан рўйхатдан ўтказилди ва серияли ишлаб чиқариш учун рухсат берилди. Бундан ташқари, ушбу тўплам ёрдамида гепатит В, гепатит C, одам иммун танқислиги вируси (ВИЧ) РНК/ДНКсини ажратиш мумкин, деб хабар беради Ўзбекистон Фанлар Академияси матбуот хизмати. Ишлаб чиқилган диагностик тўпламлар мамлакатимизга хориждан келтириладиган нархдаги тўпламларнинг ўрнини босишга имконият яратади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech