15 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21,9 °C

Хавфсизлик
22 Апр  2019 886

Ўзиники бўлмаган мулкни сотишга уринган фермер

Фермер ердан фойдаланиб даромад оладими ёки сотибми?

Бу саволга қонунни билганлар фойдаланади дейди. Лекин қаердан бўлса ҳам фойда чиқаришни ўйлайдиган фуқаролар ўзгалар мулкини сотиб ҳам фойда кўравераман дейиши ҳам мумкин.

Ш.О. Фарғона вилояти, Ёзёвон туманида жойлашган “Фар Шокир Ота” фермер хўжалиги раҳбари. Фермер ҳўжалиги ерлари туманнинг Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ёзёвон тумани ҳокимлиги захирасидаги контур билан ёнма-ён жойлашган.

Ш.О. эса фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Ёзёвон тумани ҳокимлиги захирасидаги, Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 430-сонли контурдан 12 нафар фуқарога 0,12 гектардан ер майдонини беришни ваъда қилиб, пулларини олган. Шунингдек, ер майдонини турар жой шаклида уй қурилганлигига оид  ҳужжатларини қилиб беришини айтиб, алдаб жами 68 миллион сўмдан ортиқ пулларни қўлга киритиб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Ш.О. жиноят ишлари бўйича Ёзёвон тумани суди томонидан жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбланган. Етказилган зарар қоплангани учун ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Айни кунда фуқаролар ер майдонларига уй-жой қуриб яшаб келмоқда. Лекин ер майдонини  уларга ажратиш ҳақида ҳужжат бўлмагани учун кадастр ҳужжатларини қила олмаган.

Бу фуқароларнинг уй-жойлари тақдири нима бўлади, деган табиий савол туғилади.

Ерни  уларга ажратиш ҳақида ҳужжат бўлмагани учун бу  ер майдони бўйича туман ҳокимияти фуқаролик судига даъво киритади. Чунки ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ҳокимият захирасида бўлган. Фуқаролик суди уйларни бузиб ерни туман ҳокимияти захирасига қайтаришга ҳал қилув қарори чиқариши кутилмоқда.

Ўзбошимчалик билан қуриб олинган уй-жой учун уй пули ундирилмайди.

Битта “ишбилармон”нинг алдовларига чув тушган фуқароларда айб йўқ дегим келади, аммо... Ишонувчанлик ортида қанча ташвиш ётибди. Улар аввало ҳужжат қилиш учун ўзи ҳаракат қилиши керак эди. Шундагина фермернинг фирибгарлиги ошкор бўларди.

Бекзод Ҳайдаров,

Жиноят ишлари бўйича

Ёзёвон туман суди раиси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech