08 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +5,6 °C

Агросектор
29 Янв  2020 1430

Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини танлов орқали ажратиш тажрибадан ўтказилади

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Жумладан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб аҳолини дон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида интервенцион харидлар тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бунда:

-  2021 йил ҳосилидан бошлаб дон учун давлат буюртмаси ҳажмларини босқичма-босқич камайтириш, шу жумладан, бошоқли дон харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор механизмларини;

-  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун давлат буюртмаси тизимидан давлат захирасидан фойдаланишга ўтиш бўйича механизмни ишлаб чиқиш;

-  2020 йил 1 мартдан пахта ва бошоқли дон етиштиришда банд бўлмаган майдонларда тупроқ-иқлим шароитлари ва бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда туманларни босқичма-босқич ихтисослаштириш тизими жорий этиш назарда тутилган.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент вилоятининг Қибрай ва Тошкент туманларида, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Олтиариқ туманларида ҳамда Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Нишон туманларида:

-  жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун шаффоф ва очиқ танлов ўтказиш орқали ажратиш механизми жорий этилади;

-  жисмоний ва юридик шахсларга кейинчалик танловга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда махсус геопортал орқали ер участкаси тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ҳуқуқи берилади;

-  қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг бозор қийматини баҳолаш ҳамда улардан солиққа тортишда фойдаланиш механизми жорий этилади.

Ердан фойдаланиш ҳуқуқи ҳимояси ва кафолатининг пастлиги инвестиция киритилишига тўсқинлик қилади, шунингдек тупроқ унумдорлигини ошириш қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга нисбатан «фойдаланувчиларнинг муносабати»га олиб келади.

Танлов ўтказилиши барча манфаатдор шахсларга ердан фойдаланиш ҳуқуқини олишга тенг йўл очилишини таъминлайди. Бу ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини оширишга, айни пайтда давлат барча саъй-ҳаракатларини экология стандартларини таъминлашга йўналтиришига имконият яратади.

Юқоридагилар билан бирга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг ваколат ва фаолият йўналишлари функционал баҳолаш мезонлари асосида қайта кўриб чиқилади.

2020 йил 1 майга қадар етакчи хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда соҳада давлат бошқаруви тузилмасини такомиллаштириш бўйича чоралар амалга оширилади.

2020 йил 1 мартдан бошлаб агросаноат мажмуига кирувчи илмий, илмий-тадқиқот ва илмий-тажриба муассасаларининг бино ва иншоотларини сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш шартларига ўтказилади.

Қарор билан 2020-2021 йилларда Давлат бюджети ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказиладиган агросаноат мажмуи таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари рўйхати тасдиқланди, дея хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech