07 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,5 °C

Халқаро ҳамкорлик
3 Июн  2020 327

Пойтахтлар пандемияга қарши ҳамжиҳатликда

Бугун «CAC Global Summit 2020» онлайн анжумани иш бошлади.

Унда дунёнинг 22 та давлатининг пойтахтлари ва йирик шаҳарлари бошқарувчилари иштирок этмоқда. Анжуманнинг асосий нуқтаси Корея пойтахти Сеул шаҳри мерияси.

Анжуманда дунё шаҳарлари бошқарувчилари ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда COVID-19ни буткул енгиш йўлларини излаш ва бу борада глобал ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик тизимини яратиш масаласини атрофлича муҳокама қилишлари режалаштирилган.

Саммитни анжуман модератори Тереза Сенгюнг Ра очиб берди.

Сўнг Сеул шаҳри мери Пак Вонсун сўзга чиқиб, Сеулнинг коронавирус пандемиясининг келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларини ҳал этишга қарашлари ҳақида сўз юритди. Лондон мери Содиқ Хон эса уларнинг шаҳридаги бугунги ҳолат ҳақида маълумот берди. Мериленд округи губернатори Лерри Хоган ҳам айни пайтдаги вазиятга тўхталиб ўтди, Жакарта мери Аниес Басвидан Жакарта коронавирус пандемиясидан нималарни ўргангани ва дунё шаҳарлари қандай ҳамкорлик қилиши кераклигига тўхталиб ўтди. Москва мери Сергей Собянин ҳам Россиянинг коронавирусга қарши курашдаги тажрибаси, унга қарши ишлаб чиқилаётган вакцина ва дорилар, ҳозирги вазият ва натижалар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, саммитда Билбао мери Хуан Мари Абурто, Куала-Лумпур мери Дато Нур Хишам Дахлан, Монреал мери Валери Планте, Анқара мери Мансур Яваш, Улан Батор мери Амирсайхан Саинбуян, Тел-Авив мери Рон Хулдай, Фритаун мери Ивонне Аки Савер, Коломбо мери Рози Сенанаяки, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов, Лима шаҳри мери Хорхе Мунюс Веллс, Будапешт шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Эржибет Немет, Деҳли шаҳри бош вазири ўринбосари Дели Маниш Сисодия, Гуаякил шаҳри мери Синтия Витери, Киев мери Виталий Кличко, Афина шаҳри мерининг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари Эммануил Калампокаслар ўз ҳудудларидаги вазият, коронавирусга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилган натижалар ва пандемиядан кейинги давр учун мўлжалланган ишлари ҳақида маълумот бериб ўтдилар.

Хусусан, дунё шаҳарлари бошқарувчилари ўз чиқишларида пандемия сабабли барча ҳудудларда вируснинг янада кенг тарқалишига чек қўйиш ва ушбу пандемик инқирозни енгиб ўтиш учун барча кучларини сарф қилаётганликларини таъкидлаб ўтдилар. Тажриба касалликлар чегара ва ирқ танламаслигини ва уларни халқаро ҳамжамиятнинг келишилган хатти-ҳаракатлари орқали енгиш, оқибатларини юмшатиш мумкинлигини ўргатганини таъкидлаб ўтдилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Саммитнинг биринчи куни якунида Сеул мери COVID-19 пандемиясига қарши курашишда шаҳарлараро тармоқни ташкил этишга оид таклифини баён этди.

Пан Вонсуннинг сўзларига кўра, бу борада давлатлараро ҳамжиҳатлик ниҳоятда зарур. Шундан келиб чиқиб, инфекцион касалликларга тезкор чораларни кўриш имкониятини берувчи шаҳарлараро тармоқни барпо қилиш лозим.
Бу эса
- инфекцион касалликни яширин даврида аниқлаб, унга жавоб чораларини кўришда ҳамкорлик қилиш;
- ҳамкор шаҳарлар билан инфекцион касалликлар тўғрисида маълумот алмашиб, биргаликда амалиёт учун барча кучларни жамлаш;
- инфекцион касаллик тарқалганидан кейин ҳамкор шаҳарларда инсоний-моддий ресурсларнинг қўллаб-қувватланишини таъминлаш;
- инфекцион касалликларга қарши курашишда ихтисослаштирилган тизимни яратиш борасида ҳамкорлик қилиш;
- инфекцион касалликлар сабабли вужудга келган ижтимоий-иқтисодий инқирозни енгиш учун эркин шаҳарлараро ҳаракатланиш ва иқтисодий фаоликка кўмаклашиш каби вазифаларни биргаликда бажаришга шароит яратади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech