25 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,8 °C

Ташвишли хабар
1 Ноя  2018 798

Тадбиркорга зарар етмоқда, бунга сабаб нима?

Хусусийлаштирилган корхоналарга  кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ижарадан ҳали бўшамаган бинони сотувга қўйди ва бу билан бир тадбиркорга молиявий зарар етмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилояти бошқармаси онлайн кимошди савдосини ўтказди. Сотувга қўйилган бинолар ичида «Галерея вкуса» МЧЖ ютиб олган, Қибрай туманида жойлашган қиймати 553 миллион сўмга тенг Ўзбекистон Республикаси Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти омборхонаси ҳам бор эди.

Давлат рақобат қўмитаси ва илмий-тадқиқот институти ўртасидаги олди-сотди шартномаси имзоланганига тўрт ойдан зиёд вақт ўтганига қарамай, бино ҳалиям ўзининг янги эгасига топширилмаган. Маълум бўлишича, бино ижарага берилган экан. Ижара муддати ўтган йилнинг 31 декабрида тугаган, бироқ омборларни банд этган тадбиркор нарсаларини олиб бошқа бинога кўчишни истамаяпти.

Унинг ҳам ўз важи бор. Гап шундаки, тадбиркор бинони ўз ҳисобидан таъмирлаган, дастгоҳлар келтириб ўрнатган. Вақти келиб, бинони хусусийлаштиришга ишонган кўринади. Энди тадбиркор турли ташкилотлар эшикларини қоқмоқда.

- Компаниямиз сотиб олинган объектга 815 минг доллар сармоя киритишни режалаштирган, - дейди «Галерея вкуса» МЧЖ таъсисчиси Нуриддин МУҲИДДИНОВ. – Ана шу маблағга корхона таъмирлаш ишларини амалга ошириши ва ускуналар келтириб, сабзавотларни вакуумда қовуришни йўлга қўйиши керак эди. Қадоқланган маҳсулотлар эса тўлиқ экспортга йўналтирилиб, Қибрай туманининг 30 нафар аҳолиси катта маош тўланадиган янги иш ўринларига эга бўларди.

Айни дамда лойиҳани йўлга қўйиш тўхтаб турибди. «Галерея вкуса» МЧЖ таъсисчиси эса, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бошқармаси, Қибрай туман ҳокимияти ҳамда Чорвачилик ва паррандачилик ИТИ раҳбарларини инсофга чақиришга, давлат раҳбарига мурожаат қилишга, Бош прокуратура ва суд инстанцияларига шикоятлар ёзишга мажбур бўлмоқда. Ишбилармон зарар кўряпти. Негаки, Европада ишлаб чиқарилган ва қиймати 600 минг долларлик технологик ускуналар божхонадан ўтказилиб, аллақачон Тошкентга олиб келинган. Бинони сотганларнинг эътиборсизлиги туфайли корхона кўраётган зарар 200 миллион сўмдан ошиб кетди.

Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисидаги Низомда хусусийлаштирилган объектларни сотишдан олдин уни тайёрлаш аниқ кўрсатилиб, хусусийлаштириш шартлари шартномасида белгилаб берилган. Бунда: «Вилоят бошқармаси ўз хизмат вазифасини бажараётганда эътиборсизликка йўл қўймадимикан?», «Муаммога юзага келмасидан олдинроқ ечим топса, шундан сўнггина бинони онлайн кимошди савдосига қўйса бўларди-ку?!» қабилидаги саволлар юзага қалқиб чиқади.

- Мазкур объект сотувга ҳукумат қарори билан тавсия этилган, - дейди хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат РЎЗИЕВ. – Биз объектга чиқиб, унинг ҳажми ва бошқа параметрларини кўздан кечирдик, маълумотлар тўпладик. Шундан сўнг талабларга мувофиқ уни сотувга қўйдик. Омборхонани ижара асосида банд этган тадбиркор бинонинг сотувга қўйилгани ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилган. Унинг ўзи ҳам кимошдида иштирок этиши мумкин эди. Агар ўзи бошқа тадбиркор билан рақобатлаша олмаса, айб бизда эмас. Ҳозирда юзага келган масалага келсак, бизнинг судга мурожаат қилишдан ўзга чорамиз қолмади.

Биринчи инстанциядаги суд даъвогарнинг фойдасига қарор чиқарди. Бироқ жавобгар апелляция берди. Афтидан, «Ким айбдор?», деган саволга вақтнинг ўзи жавоб топадиган кўринади.

Биз эса, агар корхона тўла қувват билан ишласа, йилига уч миллион долларгача бўлган маҳсулотни экспорт қилиш имкониятига эгалигини келтира оламиз, холос. Хуллас, «Галерея вкуса» МЧЖ ана шундай салоҳиятга эга. Ушбу ташаббус Қибрай туманининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш дастурига бекорга киритилмаган. Демак, маҳаллий ҳокимлик ҳам ушбу корхона фаолиятидан манфаатдор.

Шу ўринда жорий йилнинг 31 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган ва қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантириш, соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш, маҳсулотлар экспорти ҳажмини оширишга бағишланган йиғилишни эсга олиш жоиз. Унда давлатимиз раҳбари экспорт – давлатимизнинг ташқи иқтисодий сиёсатининг муҳим устувор йўналиши эканини таъкидлади. Ҳар бир вазирлик ва идора бунга ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

А.Адизов

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech