14 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28 °C

Ташвишли хабар
22 Июл  2020 661

UzAuto Motors вакиллари депутат сўзларига жавобан фикр билдирдилар

«Кеча гўёки UzAuto Motors компанияси тез ёрдам учун автомобилларни оширилган нархларда сотаётгани ҳақида баландпарвоз баёнот берган депутат Кушербаев маданий мулоқот доирасидан четга чиқди, зеро мавзудан бехабар ўқувчи учун бамисоли компаниямиз мавжуд вазиятда нархларни атайин ошираётгандек бўлиб кўринди.

Табиийки, бу гап ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди ва «UzAuto Motors», айрим сиёсатчилар учун популизм асосий, баъзида эса, ягона қурол бўлишини яхши тушунган ҳолда, Расул Хидралиевичнинг айбловларини бандма-банд таҳлил этишга тайёр, деб жавоб беради UzAuto Motors.

Жаноб Кушербаев «UzAuto Motors» COVID-19 пандемияси муносабати билан Ўзбекистонда юзага келган оғир вазиятни эътиборга олмаётир, дея даъво қилади. Бироқ, биз профессионал журналист ўзи айтаётган сўзларининг моҳиятини чуқурроқ англаши, тажрибали парламентарий эса, сўзларининг масъулиятини яхшироқ ҳис қилиши лозим эканлигига аминмиз. Афтидан, депутат учун бу – ўз шахсини бутун тармоққа қарши қўйиш ҳисобига аудитория қамровига осонроқ эришишга қаратилган оддий хабар бўлган. Шундай бўлсада, ўз сайловчиларига бўлган оддий ҳурмат ҳам уларга текширилган ахборот тақдим этишни назарда тутади. Афсуски, баёнотдаги депутат сўзларида ҳаққонийликдан асар ҳам йўқ.

Нафақат «UzAuto Motors», балки компания ходимлари ҳам, ҳамкорлари ҳам пандемиянинг биринчи кунларидан коронавирусга қарши курашда фаол қатнашиб келмоқда. Тўғри, эҳтимол, компания ўзининг хайрия акцияларини кўз-кўз қилмаётгандир, бироқ бу ҳеч бир сиёсатчига тармоқ корхоналарининг ва уларда ишлаётган ўн минглаб ходимларнинг умумий курашга қўшаётган ҳиссаларини камситиш ҳуқуқини бермайди.

Хайрия ишларидаги улушлари ҳақида гапириш компания одатларига кирмайди, аммо Расул Кушербаев ўзининг ҳақоратомуз пости билан уларни ёдга олишга мажбур қилмоқда: «Ўзавтосаноат» АЖ ва унинг тузилмавий бўлинмалари биринчилардан бўлиб «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоатчилик фондига 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ ўтказди. Бундан ташқари, жорий йил апрель ойида компания республикага хорижий ҳамкорларидан 2 миллиард сўмлик тиббиёт жиҳозларини келтириш ташаббускори бўлди. Яна 2 миллиард сўмга тенг маблағ тармоқ корхоналари томонидан Сардоба сув омбори ёрилиши ва Бухоро вилоятидаги тўфондан зарар кўрганлар фойдасига ўтказилди.

Бундан ташқари, тармоқ томонидан ҳокимият идораларига, карантин муассасаларининг қурилиши учун ЎСВ аппаратлари ва 2 500 та контейнер беғараз тақдим этилди. Қолаверса, эпидемиянинг илк кунларида, ҳали махсус карантин марказлари яратилмаган пайтда, «Ўзавтосаноат» АЖ Ҳожикентдаги «Лочин» идоравий соғломлаштириш оромгоҳини юзлаб инсонларни карантинга жойлаш учун тақдим этди ва уларнинг тўлиқ таъминотини зиммасига олди. Мана шулар ва бошқа кўплаб фактлардан кейин ҳам, компания ватандошлар ташвишларига беэътибор, деб даъво қилиш қанчалик тўғри бўлади?

Ҳурматли OʼzLiDeP фракциясининг аъзоси ўзининг «UzAuto Motors» томон оғзаки ҳамласига тасдиқ ўлароқ, жуда қизиқ мисол келтиради – Фарғона вилояти ҳокимлиги 20 дона янги Damas автомобилини харид қилганини айтади. Бу билан жаноб Кушербаев айнан нима демоқчи бўлгани унчалик тушунарли эмас. Агар бу тез ёрдам эҳтиёжлари учун автомобиллар бепул берилиши кераклигига шама бўлса, унга, ҳар қалай, ўтган ҳафтанинг ўзида UzAuto Motors мутлақо бепул асосда Андижон вилояти ҳокимлигига олти дона Damas тез ёрдам автомобилини тақдим этганлигини аниқлаштириш қийинчилик туғдирмаган бўларди. Афтидан, бу ҳақда барча ОАВларда эълон қилинмагани хато бўлган кўринади, лекин компания умумий офат пайтида бундай ишларни кўз-кўз қилишни тўғри деб ҳисобламайди.

Балки, Расул Хидралиевич тез ёрдам эҳтиёжлари учун барча автомобиллар беғараз етказиб берилишини истар? Аммо, Қонунчилик палатасининг ҳурматли депутати илгари сураётган бу ғоя муносабати билан, Ўзбекистон Республикасининг «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунининг айрим меъёрларини эслатиб ўтишни хоҳлар эдик. Унга кўра, устав фондида давлат улуши 50%дан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи жамиятларнинг ҳомийликка йиллик харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 10 фоизидан ошмаслиги керак.

Шу муносабат билан, биринчи ярим йилликнинг ўзида хайрия мақсадларига 37 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирган «UzAuto Motors», минг хоҳламасин, ушбу чегарани босиб ўта олмайди.

Энди савол туғилади: мамлакатимизда қонунларни ким ёзади? «UzAuto Motors» раҳбариятими ёки, ҳар қалай, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларими? Барчаси сизнинг қўлингизда, ҳамкасбларингиз ихтиёрида, қадрли Кушербаев жаноблари.

«UzAuto Motors» ўз хайрия фаолиятида сиз ишлаб чиққан қонунларга таянса, сиз жорий қилган чекловлар доирасида иш кўрса, нега энди таъна айнан сиз томондан янграмоқда?

Компания тез ёрдам эҳтиёжларига «UzAuto Motors» ўз маҳсулотларини бепул тақдим этсин учун, амалдаги қонунга эътироз билдирадими? – Йўқ, эътирози йўқ.

Агар шундай қонун қабул қилинса, компания уни ижро этишга тайёрми? – Зўр мамнуният билан!

Бундай қонун лойиҳаси парламентга киритилганми? – Ҳар қалай, компания бу ҳақда эшитмаган.

Расул Хидралиевич Кушербаев шундай ғоя билан ёки эпидемиологик инқирозни енгиш бўйича бошқа ҳар қандай ташаббус билан оммавий баёнот бердими? – Асло йўқ.»

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech