03 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,9 °C

Ҳукумат
12 Мар  2020 612
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Президент пиллачилик корхонасини кўздан кечирди

Давлатимиз раҳбари ўтган йил май ойида Фарғона вилоятидаги “Ипак гиламлар” корхонасида бўлганида пиллачилик кластерлари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Кўп ўтмай, 2019 йил 31 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пиллачилик тармоғида чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Шу асосда яратилган қулай шарт-шароитлар яна бир ижобий тенденцияга туртки берди. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида пиллачилик корхоналари ташкил этила бошлади.

“Хоразм пилла холдинг” кластери томонидан Янгиариқ туманида ҳам шундай замонавий корхона ишга туширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу компания фаолияти билан танишди.

Бу ерда 5 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичида 2 та қайта ишлаш линияси иш бошлаган. Пилладан хом ипак, ипак момиғи, ипак мато ишлаб чиқариш, ипак гилам тўқиш йўлга қўйилган. Йилига қарийб 1 миллион 160 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Корхонада 120 доимий, 1800 мавсумий ишчи, асосан хотин-қизлар меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бундай корхоналарни бошқа туманларда ҳам ташкил этиш, бунинг учун тадбиркорларга бино ва тутзорлар ажратиш буйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Шу мақсадда манзилли дастур ишлаб чиқиш зарурлиги, бу аҳолига даромад манбаи яратиш, камбағалликни камайтиришда муҳим омиллиги таъкидланди.

2019 йилда вилоятда “Хоразм ипаги” ва “Хива Силк Фабрик” корхоналари ҳам иш бошлади. Жорий йилда 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияни ўзлаштириш ҳисобига саноатбоп ипак қурти уруғи тайёрлаш корхонасини ташкил этиш белгиланган.

Кластер томонидан амалга оширилиши кутилаётган янги лойиҳалар ҳақида маълумотлар берилди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech