01 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,4 °C

Халқаро ҳамкорлик
21 Фев  2020 2160

Буюк Британиядаги самарали учрашув

2020 йил 12-14 февраль кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази делегацияси Буюк Британияга ташриф буюрди.

Парламентаризмни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини такомиллаштириш борасида ўзаро тажриба алмашиш ташрифдан кўзланган асосий мақсадни ташкил этди.

Ташриф доирасида бир қатор муҳим учрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш, БМТ органларининг бу борадаги тавсияларини амалга оширишда парламентлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни ҳамда аҳамияти муҳокама қилинди.

Делегацияга раҳбарлик қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича  Марказ директори Акмал Саидовнинг Буюк Британия парламенти Жамоатлар палатаси Спикерининг ўринбосари Элеонора Лэнг билан учрашувида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Элеонора Лэнг Ўзбекистонда парламентнинг мавқеини кўтариш борасида ижобий қадамлар қўйилаётганини эътироф этди.

Элеонора Лэнг шунингдек, Ўзбекистон сайлов тизимидаги ислоҳотларни қутлади. Мамлакатда янги қабул қилинган Сайлов кодексида маҳкумларнинг парламент сайловида иштирок этиш ҳуқуқи мустаҳкамланганига эътибор қаратар экан, Буюк Британияда қамоқдаги шахсларнинг бу ҳуқуқига нисбатан тўла тақиқ мавжудлигини қайд этди. Шунингдек, парламентаризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдор эканини билдирди. «Бизнинг энг кўҳна демократиямиз билан сизнинг энг навқирон демократиянгиз самараларини қиёсий таҳлил қилиш биз учун ниҳоятда қизиқарлидир», деди у.

Ўз навбатида, делегация аъзоларининг Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси баронесса Алисон Сатти билан учрашувида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятининг роли ҳамда парламентлараро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.

Делегациянинг ташрифи доирасида Буюк Британия парламентининг Консерваторлар партиясидан сайланган депутати Эндрю Бриджен раислигидаги Ўзбекистон бўйича Умумпартия парламент гуруҳи аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Эндрю Бриджен Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг аҳамияти ҳақида тўхталиб, ушбу дастуриламал ҳужжатнинг стратегик моҳиятга эгалигини алоҳида таъкидлади. Буюк Британия парламенти аъзолари томонидан давлатимиз раҳбарининг прописка тизимини ислоҳ қилиш, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилишига доир ташаббуслари, шунингдек ҳукуматимизнинг чет элларда меҳнат фаолияти билан банд бўлган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги амалий ишлари юқори баҳоланди.

Мулоқотлар асносида Британия томони Ўзбекистоннинг БМТ Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш бўйича халқаро ташаббусларига юксак баҳо берди. Шу билан бирга,  жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида иштирок этиш истаги билдирилди.

Бундан ташқари, делегация аъзолари Буюк Британия Адлия ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари, Тенглик ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича комиссия, Қиролича ҳузуридаги Болаларни ҳибсда сақлаш жойлари инспекцияси, «Глобал ҳамкорликни бошқарув» ноҳукумат ташкилоти вакиллари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича илмий тадқиқот ва таълим марказлари экспертлари билан учрашувлар ўтказди, деб хабар беради Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech