19 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,3 °C

Халқаро муносабатлар
26 Апр  2019 1422
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Хитой парламенти раҳбари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни Пекинда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Ли Чжаньшу билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари "Бир макон, бир йўл" иккинчи халқаро форумининг ўтказилиши ҳамда унинг доирасида ХХР Раиси Си Цзиньпин илгари сурган ташаббусларнинг амалга оширилиши халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга, кенг минтақамизда дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Кеча Хитой Халқ Республикаси Раиси билан ўтган учрашувда мамлакатларимиз ҳамкорлигининг янги истиқболлари белгилаб олингани, улар икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Ли Чжаньшу мамлакатларимиз икки томонлама муносабатларда эришган юксак даражани катта мамнуният билан қайд этди. 

Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-гуманитар ва кўплаб бошқа соҳалардаги алоқалар янада фаоллашгани алоҳида таъкидланди. 

Ўзбекистон ва Хитойнинг қонун чиқарувчи органлари ўртасида ҳамкорлик борасида ижобий тажриба тўпланган. Парламент делегацияларининг учрашувлари мунтазам ўтказилиб, бу борадаги шериклик изчил ривожланиб бормоқда.
 Учрашувда олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, парламентлараро мулоқот мамлакатларимиз ҳамкорлигини амалий мазмун билан бойитиш, янги дастур ва лойиҳаларни илгари суришга хизмат қилиши қайд этилди. 

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси мамлакатларимиз ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш ва кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.

Ли Чжаньшу мамлакатимизда янги босқичда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, уларнинг реал натижалари ва самарадорлигини юксак баҳолади. Унинг фикрича, Ўзбекистон Президентининг сиёсати ва ислоҳотлари ўзининг миқёси ва мақсадларига кўра давлатимиз раҳбарини Хитойнинг буюк ислоҳотчиси Дэн Сяопинь билан таққослашга тўлиқ асос бўлади.

Учрашув якунида парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳамда самарали ислоҳот ва янгиланишларни амалга ошириш борасидаги тажрибани чуқур ўрганиш мақсадида қўшма тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech