24 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23 °C

Кейинги авлод
21 Фев  2019 7819

Президент мактаблари босқичма-босқич ташкил этилади

Давлатимиз раҳбарининг  2019 йил 20 февралда Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Президент мактабларининг асосий мақсади таълим жараёнига илғор технологияларни қўллаш орқали иқтидорли ёшларни тарбиялаш ва ўқитиш, рағбатлантириш ҳамда келгусида уларни салоҳиятини қўллаб-қувватлаш. Шунингдек, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, етакчилик кўникмалари ва нотиқлик маҳоратини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш каби кўникмаларни шакллантиришдан иборат.

Президент мактаблари Қорақалпоғистон Республикасида, шунингдек, барча вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган таълим муассасалари шаклида ташкил этилади. Таъкидланишича, 2019 йилда дастлабки мактабларнинг қурилиши бир вақтнинг ўзида Тошкент ва Нукус шаҳарларида, ҳамда Хоразм вилоятида бўлади. Ўз навбатида, 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, шунингдек, 2021 йилда Андижон, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида Президент мактабларини ташкил этиш режалаштирилган.

Ушбу мактабларга қабул қилиш республика таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади.

Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса 5-10-синфларига  ҳар бир мактаб 144 нафардан ўқувчи қабул қилади.

Ўқув жараёни эса хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва «STEAM - таълим» (Science - табиий фанлар, Technology - технология, Engineering - техник ижодкорлик, Art - санъат, Mathematics - математика) дастури асосида олиб борилади.

Президент мактабининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишлари ва хусусиятларини, айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Президент мактаблари битирувчиларига, белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement или International Advanced Levels)га эга бўладилар, бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Маълумот учун, 2019 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Нукус шаҳрида бўлиб ўтган учрашув давомида, ҳар бир вилоятда Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида эълон қилган эди.

 

Меҳрангиз Усмонова

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech