27 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,2 °C

Ҳукумат
8 Мая  2019 1711
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Президент заргарлик тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар қўйди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни заргарлик тармоғини ривожлантириш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга шароитни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Заргарлик маҳсулотлари бутун дунёда талаб юқори бўлган товарлардандир. Жаҳон заргарлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми йилига 5-6 фоизга ўсаётгани, товар айланмаси

250 миллиард доллардан ошаётгани унинг улкан экспорт салоҳиятидан далолат беради.

Мамлакатимизда бу тармоқ эътибордан четда қолганди. Заргарлик корхоналари асбоб-ускуналарининг 80 фоизи эскирган, айримларида ишлаб чиқариш тўхтаган эди.

Қимматбаҳо металларни заргарларга сотишда ҳам кўплаб чекловлар бор эди. Жорий йил 1 мартдан бошлаб қимматбаҳо металларни ишлаб чиқарувчиларга биржа орқали тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилди.

Эндиги мақсад – заргарликни чинакам саноат даражасига олиб чиқиш.

Давлатимиз раҳбари бунинг учун хомашёдан самарали фойдаланиш, тармоққа фаол инвестиция жалб этиб, замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш кераклигини таъкидлади.

Тилла, платина ва кумуш нархининг юқорилиги сабабли тизим корхоналари айланма маблағи кўп эмас. Шу боис заргарлик саноатида солиқ юкини қайта кўриб чиқиш, импорт қилинадиган хомашё ва ускуналарни божхона тўловларидан озод қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат заргарлик корхоналарига халқаро брендга эга компаниялар инвестицияларини жалб қилиш, ишлаб чиқарувчилар учун қимматбаҳо металлар харид қилишга имтиёзли кредит ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.

Юртимизда заргарлик асосан тақинчоқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Аслида эса бу соҳанинг йўналишлари кўп. Тилладан ясалган соат, ручка ва турли эсдалик совғалари, кумушдан тайёрланган ошхона тўпламлари жаҳон бозорида жуда харидоргир.

Масалан, 4 килограмм кумуш ишлатиладиган битта ошхона тўплами ўртача 4 минг доллар туради. Мамлакатимизда йилига юз тоннадан зиёд кумуш ишлаб чиқарилишини инобатга олсак, бундай маҳсулотлар экспортини бир неча миллион долларга етказиш мумкинлиги ойдинлашади.

Яна бир масала. Ўзбекистонда берилл, аметист, феруза, малахит, лазурит, опал каби қимматбаҳо тошлар захиралари бўлса-да, улар саноат даражасида ўзлаштирилмаган.

Шулардан келиб чиқиб, йиғилишда заргарликнинг барча турларини ривожлантириш, тармоқ учун зарур тошларни ўзлаштиришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳозирда якка тартибдаги заргар-тадбиркорлар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқига эга эмаслиги сабабли воситачи дўконларга топширишга мажбур бўлмоқда. Шунингдек, асиллик даражасини белгилаш, тайёр заргарлик буюмларини чет элга олиб чиқишга оид тартибларнинг мураккаблиги ҳам аҳоли ва тадбиркорларга ноқулайлик туғдирмоқда.

Президентимиз мазкур масалаларни ҳал этиш учун заргарлик маҳсулотларини эркин бозорга олиб чиқишдаги тўсиқларни олиб ташлаш, якка тартибда заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини сотиш ҳуқуқини бериш зарурлигини таъкидлади.

Асиллик даражасини белгиловчи тамғани маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхонанинг ўзи қўйиши, жисмоний шахслар томонидан заргарлик буюмларини чет элга олиб чиқиш тартиби соддалаштирилиши лозимлиги қайд этилди. Чакана савдо нуқталарида заргарлик буюмларини қабул қилиш ва сотишнинг электрон ҳисобини юритиш, ноқонуний савдонинг олдини олиш бўйича топшириқлар берилди.

“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Йиғилишда берилган топшириқ ва зарур чора-тадбирларни ўз ичига олган қарор лойиҳаси тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech