19 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,5 °C

Ҳукумат
17 Мая  2019 1206
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Муҳаммад Юсуф номидаги мактабга ташриф буюрди

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 2-3 июнда Андижон вилоятига ташрифи чоғида Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш таклифини билдирган эди. Шунга мувофиқ ўша йили июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниб, 11 декабрда мазкур мактаб очилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб-интернатга ташриф буюрди. 

Мактаб олдида шоир бюсти ўрнатилган хиёбон барпо этилган. Билим даргоҳида умумтаълим фанлари билан бирга, она тили ва адабиётни чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилган. Синфхоналар, кутубхона, спорт зали, ётоқхона замонавий жиҳозланган. Бугунги кунда бу ерда 150 нафар иқтидорли йигит-қиз таълим олмоқда.

Шавкат Мирзиёев Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган мўъжазгина музейни кўрди. Мактаб ўқувчилари шоир шеърларидан намуналар ўқиб берди.

– Муҳаммад Юсуф ҳалқимиз севган самимий шоир, ватанпарвар инсон эди. Сизлар унинг муносиб давомчилари бўлишингиз керак. Бунинг учун бир дақиқаям вақтларингизни бехуда ўтказмай, кўпроқ ўқиб, тарихга уйғоқ боқиб камолга етишларингиз зарур. Энг катта бойлик – маънавий бойликдир, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга мактаб-интернат ўқувчилари учун автобус ажратиш, бошқа вилоятлардаги ижод мактабларига бориб, тенгдошлари билан мулоқот қилишига кўмаклашиш, вилоят телевидениесида ўқувчилар иштирокида кўрсатувлар тайёрлаш бўйича топшириқ берди.

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи якунланди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech