06 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,8 °C

Халқаро ҳамкорлик
25 Фев  2020 2154

Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Бош вазирини қабул қилди

Бугун, 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иккинчи Ўзбекистон-Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида мамлакатимизга келган Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Маминни қабул қилди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг ривожланиш суръати тобора ортиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга, икки томонлама ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Асқар Мамин Ўзбекистон Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ва Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда, аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика, аграр тармоқларда, таълим, маданият соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Товар айирбошлашдаги юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатларимиз етакчи компаниялари иштирокида кооперация ва инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма дастурлар асосида гуманитар ва туризм соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув сўнгида кенг кўламли Ўзбекистон-Қозоғистон шериклиги доирасида янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлашга келишиб олинди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech